Жамият | 11:07 / 13.11.2020
17593
12 дақиқада ўқилади

Олмазор туманида тадбиркор қурган иншоотни ким бузди?

Шу йил 4 ноябрь куни Олмазор тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари тадбиркор томонидан Нурафшон айланма йўли ва Себзор кўчалари кесишувида қурилган иншоотни бузишни талаб қилишган. Бунинг ортидан тадбиркор ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари ўртасида жанжал келиб чиққан. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси тадбиркорнинг қурилмалари сирли равишда бузиб кетилган, туман ҳокимлиги мутасаддилари эса бу ишга алоқадор эмаслигини айтишмоқда.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи Ғайрат Раҳимов Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, 2017 йил 1 ноябрда Олмазор туманининг ўша пайтдаги ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг имзоси билан укаси Шавкат Ғаниев номига қарор чиқарилгани, унда Нурафшон айланма йўли ва Себзор кўчалари кесишувида, собиқ ИКАТ ресторани ёнидаги автобус бекати ўрнида шаҳарсозлик талабларидан келиб чиққан ҳолда ойнаванд кўринишдаги замонавий савдо шохобчаси қурилишига рухсат берилганини таъкидлайди.

Ғайрат Раҳимов

Бироқ қарор чиққанига уч йил, лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланганига икки ярим йилдан ошган бўлса-да, Шавкат Ғаниев ҳалигача автобус бекати таркибида замонавий савдо шохобчасини қура олмай келмоқда, маълум қилинишича, бунга туман ҳокимлиги масъуллари тўсқинлик қилиб келади.

Раҳимов уч марта қурилиш ишлари бошлангани, ҳар сафар турли баҳоналар билан қурилмалар бузиб ташлангани ёки оғзаки буйруқ билан шохобча қурилиши тўхтатиб қўйилганини таъкидлайди.

Шуҳрат Раҳимов

«2017 йилда туман ҳокимининг қарори чиққач, лойиҳа ҳужжатларини тайёрладик. Улар тасдиқлангач, қурилиш ишларини бошладик. Лекин ўша пайтдаги туман ҳокимининг ўринбосари Абдурасул Ваҳобов турли баҳоналар билан қурилишни тўхтатиб қўйган, гоҳида бошланган ишларимизни буздириб ташлаган эди.

Бир сафар туманга президент ташрифи кутилаётганини айтиб қурилишни тўхтатиб туришни сўраган бўлса, бошқа сафар бекатдан 20 метрча нарида қурилган савдо марказига халал бераётганимизни баҳона қилиб қурилмаларимизни буздириб ташлаганди», дейди Ғайрат Раҳимов.

2018 йил ноябрдаги ҳолат (буздириб ташланган)
2018 йил декабрдаги ҳолат (буздириб ташланган)

«2018 йили қурилиш қилаётганимизда ўзини Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов дея таништирган одам келиб қурилмаларимизни буздирди. Ўша пайтда бекат ва дўконнинг каркасларини тиклаб, устини ёпиб ҳам бўлгандик. Ҳоким ўринбосари айтгандан кейин бузишга мажбур бўлдим. Билмайман, бизга қандайдир хусумати бўлганми ё бу ерда бошқа гап борми, 2018 йилда икки марта қурганимдаям Ваҳобовнинг ўзи ишчиларнинг тепасида туриб қурган иншоотимни буздирган. Қоғоз билан ёки суднинг қарори билан буздирилмади», дейди Шавкат Ғаниевнинг яна бир акаси Шуҳрат Раҳимов.

Қурилмалар икки марта буздириб ташланганидан кейин орада ишлар анча вақт тўхтаб қолган. Ака-укалар молиявий муаммолар қурилишни қайта бошлаш имконини бермагани, қолаверса, 2020 йилда пандемия сабабли бу ишлар ортга сурилиб кетганини айтишди.

Шуҳрат Раҳимовнинг сўзларига кўра, 2018 йили Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов автобус бекатлари таркибида савдо шохобчаси қураётган тадбиркорларни туман ҳокимлиги биносига йиғиб, бекат-дўконларнинг аввалроқ тасдиқланган ойнавандли лойиҳалари янгилангани, барча бекат-дўконлар янгиланган лойиҳалар асосида қурилиши кераклигини айтган.

Эски лойиҳа

«Туман ҳокими фақатгина янгиланган лойиҳа асосида автобус бекатларида дўкон қуришимизга рухсат берилишини айтди. Янгиланган лойиҳалар тасдиқлангандан сўнг бизга хабар берилишини, шундан кейин қурилишни бошлашимиз мумкинлигини маълум қилишди. Сўзларимни йиғилишда қатнашган бошқа тадбиркорлар ҳам тасдиқлашади.

Бироқ шу кунгача туман ҳокимлиги бизни чақириб, қайси лойиҳа бўйича қурилишни бошлашимиз мумкинлигини айтгани йўқ. Ўзимиз кўча-куйда ўша йиғилишда кўрсатилган лойиҳа асосида қурилган дўконларни кўриб, уларнинг эгаларидан сўраб суриштириб, янгиланган лойиҳага буюртма бердик. Ушбу лойиҳамиз туман архитектура ва қурилиш бўлими томонидан 2020 йилнинг 20 октябр куни тасдиқланган, Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси билан келишилган.

Янги лойиҳа

30 октябрь куни ушбу лойиҳа асосида қурилиш ишларини қайта бошлангандик. Шу куннинг ўзида номаълум шахс келиб нима учун бу ерда қурилиш қилаётганимизни суриштирди, қўлида қарор борлигини, бу ер туман ҳокимлиги томонидан унга берилганини айтди. У кетиши билан Олмазор тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдурасул Ваҳобов қўнғироқ қилиб, нимага яна дўкон қураётганимни сўради ва бу ерга қурилиш қилма деб айтганини эслатди. У менга туманнинг исталган жойидан жой танлашим мумкинлиги, қароримни ўзгартириб бериши, лекин бу ерда қурилиши қилмаслигимни айтди. Менимча, бизнинг жойимизни кимгадир сотиб ёки ваъда қилиб қўйганга ўхшайди», дейди Шуҳрат Раҳимов.

Тадбиркорларнинг маълум қилишича, 2020 йилнинг 4 ноябрь куни Олмазор тумани ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдурасул Ваҳобов, туман ҳокимининг уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Қаҳҳор Маҳмудов, туман бош архитектори Ғулом Азимов, туман ҳокимлиги ва «Олмазор тумангаз» идораси ходимлари қурилиш бўлаётган жойга бориб, иншоотни буздиришга уринишган.

«Туман ҳокимлиги вакиллари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз келиб, ўзбошимчалик билан қурилмаларимизни буздирмоқчи бўлишган. Ушбу ҳаракатларини асослайдиган бирор-бир қонуний кучга эга бўлган ҳужжат ёки суд қарорини кўрсатишмаган. Бизга буни усталаримиз маълум қилишди.

Энг биринчи бўлиб Шуҳрат укам бу ерга етиб келган. Мен келганимда Абдурасул Ваҳобов кетиб қолган, аммо туман ҳокимининг Қаҳҳор исмли ўринбосари ва туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Ғулом Азимов ҳамда бошқа масъуллар шу ерда эди.

Улардан иншоотимизни буздиришни тўхтатишни илтимос қилиб сўрадик. Нимага асосланиб буздиришаётганини сўраганимизда ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олишмади. Натижада жанжалли вазият, тортишув юзага келди. Улар бузиш ишларини давом эттиравергач, «102» рақамига қўнғироқ қилдик. Шундан сўнг ички ишлар ходимлари келишди, уларнинг ҳамроҳлигида туман бош архитектори билан бирга туман 6-сонли ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига бориб, объектга оид барча ҳужжатларимизни Ғулом Азимовга тақдим этдик. У ердан ҳаммамиз муросага келиб тарқалдик.

Бироқ 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 02:00-06:00 оралиғида қурилмаларимиз номаълум шахслар томонидан бузиб кетилган. Албатта бир кун олдин содир бўлган можароли вазиятдан келиб чиқилса, асосий гумонимиз туман ҳокимлиги вакилларидан, айнан ҳоким ўринбосарларидан. Ҳолат бўйича ИИБга ариза бердик, умид қиламизки, тез орада мулкимизга дахл қилганлар топилади, ҳақиқат қарор топади», дейди Ғайрат Раҳимов.

Олмазор тумани бош архитектори Ғулом Аҳмедов тадбиркор Шавкат Ғаниев савдо шохобчасини қуришдан олдин амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмагани, жумладан, ажратилган ернинг чегаралари белгиланмагани, бунинг учун асос ҳисобланадиган ерости муҳандислик иншоотларининг ижро сурати туширилган топографик харита ва геологик хулоса ишлаб чиқилмаганини айтмоқда.

«Туман ҳокимининг қарори қабул қилингандан кейин қурилаётган бинони рўйхатдан ўтказишдан олдин архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилиши керак. Тадбиркор Шавкат Ғаниев уни ишлаб чиққан. Мен уни кўриб танишиб чиқдим. Архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилгандан кейин лойиҳалаш учун ерости муҳандислик иншоотларининг ижро сурати туширилган 1:500 нисбатдаги топографик харита олинади-да, ер майдонининг натурада белгиланган чегаралари тасдиқланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилда қабул қилинган 603-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади. Тадбиркор томонидан бу ҳужжат тақдим этилмаган.

Бу асосий ҳужжат ҳисобланади. Сабаби топографик харита ер ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейин ер қаерда жойлашган деган саволга жавоб берадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу ҳужжат ҳали йўқ бўла туриб тадбиркор қурилишни бошлаб юборган. Бу мумкинмас. Ваҳоланки, туман ҳокимининг 2017 йил 1 ноябрдаги қарорида қайси ҳужжатларни мутасадди ташкилотларга тақдим этиши кераклиги кўрсатиб қўйилган», дейди у.

Ғулом Азимов ҳокимлик вакиллари қурилиш бўлаётган жойга боришганини узоқ вақт давомида тадбиркор билан боғланишнинг имкони бўлмагани билан изоҳлади. Унинг айтишича, қурилиш жойига масъуллар бориб, ўзларини гўёки қурилаётган иншоотни бузаётгандай қилиб кўрсатишгандан сўнг тадбиркор ўша ерга етиб борган ва томонлар суҳбатлашиб олишган. Туман бош архитектори тадбиркорнинг қурилмалари ҳокимлик вакиллари топшириғи билан бузилгани, иншоотга зарар етказилганини инкор этди.

Шунингдек, у қурилма пиёдалар йўлаги ўрнида қурилгани, бундан ташқари, туман ҳокимининг қарори 2017 йилда чиққан бўлса-да, 3 йил давомида ҳеч қандай қурилиш ишлари амалга оширилмагани, бу эса Ер кодексининг 36-моддаси талабларига зид эканига ҳам урғу берди.

Тадбиркор Шавкат Ғаниев Kun.uz’га айни пайтда топографик харита ишлаб чиқилгани, уни исталган вақтда туман ҳокимлигига тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов унинг ўрнига ҳар қандай саволларга ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Раҳимова жавоб беришини маълум қилди.

«2018 йилда туман қурилиш-коммунал ва ободонлаштириш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Абдурасул Ваҳобов томонидан 1994 йилда туғилган Шавкат Ғаниевга ажратилган жойда ҳеч нарса қурилмасин, бузилсин деган мазмундаги қонуний кучга эга бўлган ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмаган, бирор-бир кўрсатма берилмаган.

Ҳозирги пайтда тадбиркорга туман ҳокимининг қарори билан ажратилган ажратилган ерда қурилиш ишларини амалга ошириш муддати ўтиб кетган. Шунингдек, тадбиркорнинг қўлидаги қарорда кўрсатилган тартибда топографик харита тақдим этилмаган, қурилиш чегаралари белгиланмаган. Бу ерда қурилиш ишларини олиб бормаслик бўйича тадбиркорга кўрсатмаларни почта орқали юбордик.

Қурилиш ишлари тўхтатилаётганининг энг асосий сабаби қурилаётган бекат-дўкон пиёдалар йўлагига тўғри келиб қолган. Иккинчидан, қурилиш ишлари олиб борилаётган жойда катта газ қувури ўтган. У ердан газ қувури ўтганини билишгани учун бизга топохаритани беришмаётгандир деб тахмин қиляпмиз. Айни пайтда ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича судга, шунингдек, ушбу лойиҳани бекор қилиш бўйича қурилиш бошқармасига ариза киритдик», дейди Дилфуза Раҳимова.

Тадбиркорнинг акаси Ғайрат Раҳимовнинг таъкидлашича, топографик харитада улар бекат-дўкон қураётган жойда чиндан ҳам йирик газ қувури бор, бироқ у бекатнинг тагидан эмас, ёнидан ўтган. Бундан ташқари, у Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига кўра улар қураётган иншоот енгил конструкцияли қурилма экани, пойдеворга эга эмаслиги, газ қувурининг устига тушган тақдирда ҳам унга ҳеч қандай зарар етказмаслигини айтмоқда.

Дилфуза Раҳимова 5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси тадбиркор Шавкат Ғаниевга тегишли иншоот бузиб кетилишида туман ҳокимлиги вакилларининг қўли борлигини рад этди.

Гарчи туман ҳокимлиги вакиллари тадбиркорга тегишли иншоот бузилмаганини, туман ҳокими ўринбосарлари уни бузиш ҳақида топшириқ бермаганини айтишаётган бўлса-да, Kun.uz’га юборилган видео бунинг аксини кўрсатмоқда. Тадбиркор томонидан тақдим этилган видеода Олмазор тумани ободонлаштириш бошқармаси ходимлари бекат-дўкон каркасларини бузишаётгани тасвирланган. Ўзини ободонлаштириш бошқармаси ходими сифатида таништирган шахс туман ҳокимининг ўринбосари Қаҳҳор Маҳмудовнинг топшириғига кўра иншоотни бузаётганини айтган.

Юқорида ҳар икки томоннинг фикрлари, иддаолари билан танишдик. Kun.uz бу ўринда кимнидир ҳақ ёки ноҳақ дейишдан йироқ. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси тадбиркорнинг мулкини кимлар яксон қилиб кетгани жумбоқлигича қолмоқда. Ҳақиқат ким тарафда бўлмасин, ҳуқуқий давлатда хусусий мулк зўравонлик билан тортиб олинмаслиги ёхуд суднинг қарорисиз бу тарзда бузиб ташланмаслиги керак.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Нуриддин Нурсаидов, тасвирчи

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид