12:18 / 15.11.2020
4347

Самарқандда 1 килограммдан ортиқ марихуана савдосига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказди.

Унда фуқаро А.К. 1105,27 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситасини 35 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 15 миллион сўм пул маблағини санаб олаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Қорақалпоғистонда «DAF»даги гиёҳвандлик воситалари фош бўлди

Қорақалпоғистон Республикасидаги «Даут-ота» пости ходимлари қўшни давлатдан кириб келган фуқаро И.К. бошқарувидаги «DAF» русумли юк автотранспорт воситасини божхона назоратидан ўтказди.

Натижада, автомашинада 2 ўрамда ўткир ҳидли, қуритилиб майдаланган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Суд-кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, ашёвий далил тариқасида олинган ўткир ҳидли, қуритилиб майдаланган ўсимлик таркибида гиёҳвандлик актив компонент тетрагидроканнабинол борлиги ва ушбу модда «марихуана» деб номланиши ҳамда унинг соф оғирлиги 8,36 граммга тенг экани маълум бўлди.

Наманганда 80 млн сўмлик товар моддий бойликларнинг яширин айланмасига чек қўйилди

Наманган вилояти божхона бошқармаси ДХХ Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказди. Унда чегара олди ҳудудида яшовчи фуқаро Б.Ё.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Хонадонда қўшни мамлакатдан ноқонуний олиб кирилган, сифати кафолатланмаган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 80 миллион сўмлик 2831 дона сифати кафолатланмаган косметика воситалари сақланаётгани аниқланди.

Бектемирда 60 млн сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Бектемир туманида тезкор тадбир ўтказди.

Унда фуқаролар Х.Н. ва Ғ.Х. 9 дона картон қутиларда умумий қиймати 60 миллион сўмлик 2000 дона «STOPER 2GM» номли дори воситасини шартли харидорга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Яна бир ҳолатда фуқаро Ф.Қ. умумий қиймати 76 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган 2000 дона «Фленокс 0.4 мл» номли дори воситаларини шартли харидорга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Top