02:09 / 16.11.2020
13287

Арманистон МХХнинг собиқ раҳбари суд залида озод қилинди

Фото: Sputnik

Арманистон суди Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ директори, бош вазир Никол Пашинянни ўлдиришга тайёргарлик кўриш гумони билан 14 ноябрда ҳибсга олинган Артур Ванецянни озод қилди. Суднинг ушбу қароридан кейин Ванецян ўзининг таъқиб қилинишини сиёсийлаштирилган деб атаган.

Ереваннинг Шенгавит туман суди “Ватан” мухолиф партияси раиси бўлган  Ванецяннинг ҳибсга олинишини қонунга хилоф деб топди ва уни суд залида озод қилди.

“Барча тарафдорларим, бутун арман халқига шуни айтаманки, ҳеч қандай жиноят содир этмаганман. Бу хоин ҳокимият мени сиёсий жараёнлардан четлатишга, навбатдаги марта ноқонуний ва уйдирма ишлар билан сиёсий фаолиятимга тўсқинлик қилишга уринди. Бироқ Яратганга шукр, адолат бор ва у жорий босқичда тантана қилди”, – деб айтган Ванецян суд залидан чиққач ўз тарафдорларига. 

Ванецян ва бошқа мухолифатчилар Арманистондаги норозилик акцияларидан кейин ҳибсга олинганди. Намойишчилар Арманистоннинг Озарбойжон билан ярашув келишувини тузганидан норозилик билдириб, бош вазирнинг истеъфосини талаб қилишган.

Аввалроқ Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳукуматга қарши қарашларга эга бир гуруҳ одамлар томонидан Пашинянга суиқасд қилиниши олдини олганини маълум қилган. Ванецян билан бирга парламентнинг собиқ депутати Ваграм Багдасарян ҳам ҳибсга олинган. 

Ванецянга олдиндан тил бириктирган ҳолда давлат, сиёсий ёки жамоат арбобини ўлдиришга тайёргарлик кўриш, қуролни ноқонуний сотиб олиш, сотиш, сақлаш ҳамда ҳокимиятни тортиб олиш айбловлари илгари сурилган.

41 ёшли Артур Ванецян Миллий хавфсизлик хизматига 2018 йил майидан 2019 йил сентябригача раҳбарлик қилган.

Top