Жаҳон | 09:00 / 01.06.2026
5008
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: “Украинадаги воқеалар Арманистон учун сабоқ бўлиши керак”

Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Арманистон фуқароларини парламент сайловлари арафасида эҳтиёткор бўлишга чақириб, мамлакат Украинада юз берган воқеаларга ўхшаш йўлдан бормаслиги кераклигини таъкидлади.

Фото: РИА Новости

Александр Лукашенко 29 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) саммитида сўзга чиқиб, Арманистон фуқароларини “жуда эҳтиёткор бўлишга” чақирди.

“Худо сақласин, Украинада содир бўлган воқеалар такрорланмаслиги учун жуда эҳтиёткор бўлиш керак”, — деди Лукашенко. Унинг сўзлари “Пул Первого” Telegram-каналида эълон қилинган.

Беларусь раҳбари Украинадаги инқироз “айнан шундай бошлангани”ни таъкидлаб, бу борада Россия президенти Владимир Путиннинг фикрларини такрорлади. Путин ҳам Остонадаги матбуот анжуманида Украинадаги инқирознинг бошланишини Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги билан боғлаган эди.

Лукашенко арман сайловчиларини Европа Иттифоқи билан яқинлашиш масаласида жиддий ўйлаб кўришга чақирди.

“Мен уларни фақат шу нарсага чақиряпман. Халқ ўз фикрини билдирса, биз бу қарорни қабул қиламиз”, — деди у.

Арманистон бош вазири ўринбосари Мгер Григорян эса мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасида танлов қилиши ҳақидаги саволга ҳозирча бундай сценарий кўриб чиқилмаётганини билдирди.

“Бу масала кун тартибига жиддий қўйилса, аниқ муҳокамалар ўтказилади. Зарур бўлса, барча хавф ва оқибатлар баҳоланади. Ҳозирча эса бундай сценарийни кўриб чиқмаяпмиз”, — деди у.

Аввалроқ ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилиб, Арманистондан Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ва ЕОИИда қолиш масаласи бўйича референдум ўтказишни талаб қилган эди.

ЕОИИ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Россия президенти Владимир Путин эса Ереван иттифоқдан чиқишга қарор қилса, бу иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид