23:46 / 17.11.2020
9567

Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати масалаларида аҳоли таклифлари кўриб чиқилишини маълум қилди

Ички ишлар вазирлигининг «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси» бўйича қилинган ишлар тўғрисидаги ахбороти Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинади.

Қонунчилик палатаси матбуот хизмати раҳбари Хожиакбар Тўлагановнинг Kun.uz'га хабар беришича, йиғилишда қуйидаги вазифаларнинг ечими юзасидан қилинган ишлар самараси ва натижадорлиги кўриб чиқилади:

  • Йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиши, тирбандликнинг ҳосил бўлишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, йўл ҳаракати қоидаларини бузилиши профилактикаси тизимини такомиллаштириш;
  • йўлларни сақлаш ва уларни йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари ва бошқа техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича ўрнатилган талабларга риоя этилишини таъминлаш;
  • ёшларнинг йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ билимларини ошириш, уларда хавфсиз ва қонунга итоат қилиш хулқ-атвори кўникмаларини шакллантириш;
  • фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилларини назарда тутувчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш;
  • ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг ходимлари хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши устидан назоратни кучайтириш, улар орасида коррупция ва ваколатни суиистеъмол қилиш холатларини олдини олиш ва бошқалар.

«Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилиши якуни бўйича йўл-ҳаракати хавфсизлиги тизимини янада такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини ҳам ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Шу боис, фуқароларимиздан ушбу масалалар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини бевосита Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасига ёки mudofaa@parliament.gov.uz электрон почта манзилига йўллашларини сўраб қоламиз», – дейилади хабарда.

Top