Ўзбекистон | 08:00 / 20.11.2020
8314
3 дақиқада ўқилади

Пойтахт канализациясига тонналаб маиший ва саноат чиқиндилари ташланмоқда – «Ўзсувтаъминот»

Тошкент шаҳрининг Бўзсув, Салар ва Бектемир аэрация станциялари шаҳардан чиқаётган оқова сувларни тозалайди. Бугунги кунда ушбу станцияга Қорақамиш ва Жануби-ғарбий коллекторлардан суткасига 630 минг куб метр оқова сув келиб тушмоқда, деб хабар беради «Ўзсувтаъминот» ахборот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оқова сувдан махсус мосламалар орқали ушлаб қолинган маиший (аҳоли томонидан канализацияга ташлаб юборилаётган озиқ-овқат қолдиқлари, елим идишлар, кийим-кечаклар, болалар тагликлари ва ҳоказо) ва саноат чиқиндилари (ишлаб чиқариш корхоналари томонидан канализацияга ташланаётган тўқимачилик қолдиқлари, кушхона чиқиндилари кабилар)нинг ҳажми 292 тоннага етган. 2017 йилда бу кўрсаткич 110 тоннани, 2018 йилда 182 тоннани, 2019 йилда 164 тоннани ташкил қилган. 

«Биламизки, канализация сув таъминотининг муҳим мажмуаларидан биридир. Канализация тизимларининг асосий мақсади аҳоли чиқиндилари, саноат ва маиший чиқинди сувларини тозалаш, уларни кейинчалик ишлатиш ёки сув ҳавзаларига тушириш учун йўналтиришдир.

Канализация тизимидаги бузилишларнинг аксарияти эса юқоридаги келтирилган ҳолат каби, унитаз ёки канализация қудуғига маиший ва саноат чиқиндилари ташланиши оқибатида содир бўлади. Коллекторлар ичи тиқилиб, оқова сув тизимида авариялар юзага келади. Бу ҳудудларнинг эпидемиологик ҳолати ёмонлашиши, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келади.

Демак, канализация тизимининг барқарор ишлашида истеъмолчининг ҳиссаси катта, у канализациядан фойдаланиш қоидаларини билиши ва унга риоя этиши лозим», – дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, бугунги кунда «Ўзсувтаъминот» томонидан айни йўналишда тарғибот ишлари бошлаб юборилган. Канализациядан тўғри фойдаланиш бўйича қўлланмалар тайёрланиб, истеъмолчиларга тарқатилмоқда.

«Ёдда тутинг! Канализация қудуғи ёки унитазга қувур йўлини тўсиши мумкин бўлган оҳак, қум, гипс, цемент, металл, тола, тупроқ каби қурилиш материаллари ва тўқимачилик, кушхона чиқиндилари каби саноат чиқиндилари ташлаш қатъиян мумкин эмас.

Қувур линиялари деворлари оксидланиши ёки вайрон бўлишига олиб келадиган моддалар: кислоталар, ишқорлар, ёғлар, эримайдиган ёғлар, қатронлар, мазутни тўкиб ташлаш тақиқланади.

Шунингдек, турли эритувчилар, бензин, керосин, фармацевтик ва гигиена воситалари (айниқса, болалар тагликлари), полиэтилен пакетлар, озиқ-овқат қолдиқлари, латта ва бошқа чиқиндиларни ташламанг!» – дея якунланган маълумот.

Мавзуга оид