Ўзбекистон | 14:29 / 20.11.2020
12491
5 дақиқада ўқилади

Сенаторлар махсус иқтисодий зоналар тақдиридан хавотирини билдиришди

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшан Алимов махсус иқтисодий зоналар фаолиятида салбий ўзгаришлар мавжудлигини маълум қилди. Сенат қўмита йиғилишида ушбу масала муҳокама этилгач, ҳукуматга парламент юборилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Махсус иқтисодий зона давлатнинг бошқа ҳудудига нисбатан алоҳида мақомга эга ривожланиш макони ҳисобланади. Унинг ҳудудида иш бошлаган инвесторга солиқ ва бож имтиёзлари тақдим этилади. Бундай ҳудудларни ташкил этишдан мақсад давлатнинг айрим ҳудудларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ёки алоҳида соҳага бўлган муносабатни ўзгартиришдан иборат. Ўзбекистонда ҳам махсус иқтисодий зоналар шу зайлда кўпая бошлади.

Равшан Алимов

«Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилдаги илк фармонларидан бири махсус иқтисодий зоналар таҳлили, уларнинг иш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилганди», — дейди Сенат қўмитаси раиси Равшан Алимов.

2020 йил 1 январда кучга кирган амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ, махсус иқтисодий зона иштирокчилари бўлмиш инвесторларга тақдим этилган кўплаб имтиёзлар бекор қилинди. Бунга ҳукуматнинг зоналарни истиқболсиз лойиҳа сифатида кўриши сабаб бўлди. Имтиёзлар бўлмас экан, зоналарнинг жозибадорлиги ҳам йўқола бошлади.

«Бир ёқадан бош чиқариб, тезкор чоралар кўрилмаса, махсус иқтисодий зоналар фаолиятининг самарадорлиги савол остида қоляпти. Бугунги кунда бундай зоналар нима сабабдан давлат раҳбари белгилаган жозибадорликка эриша олмаяпти? Шу саволга жавоб топиб, тегишли чоралар кўрмасак, менимча, бундай зоналар ҳақида сўз юритиш қийин бўлиб қолади», — дея қайд этди Алимов.

16 ноябрь куни ўтказилган Сенатнинг тегишли қўмитаси йиғилишида бу масала муҳокамага қўйилди. Сенаторлар масалани ўрганиб, соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим бандларида қарама-қаршилик ва номувофиқликлар борлиги, улар давлат органлари томонидан турлича талқин этилаётгани кузатиляпти, деган хулосага келишган.

«Ҳар бир махсус иқтисодий зоналарда ривожланишнинг узоқ муддатли стратегияси мавжуд эмас. Бундан ташқари, зоналарда бошқарув тизими етарлича самара бермайди ва инвестицион лойиҳаларни танлаб олишга масъул орган, яъни маъмурий кенгаш томонидан инвестиция талабларини кўриб чиқиш муддатлари чўзилиб кетяпти. Натижада махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг маъмурий имкониятлари чекланмоқда», — дея фикр билдирди сенатор Анвар Тўйчиев.

Анвар Тўйчиев

Унинг айтишича, махсус иқтисодий зоналар ҳудудларида тегишли муҳандислик коммуникация инфратузилмаси, яъни электр ва газ, сув ҳамда шунга ўхшаш ижтимоий инфратузилма объектларининг сифати талаб даражасида эмас.

Шу туфайли сенаторлар ҳукуматга парламент сўровини юбориб, вазият юзасидан асосланган ва тўлақонли ахборот берилишини талаб қилмоқда.

Сенатор Анвар Тўйчиев маълум қилишича, парламент сўровида 6та масала кўтарилиши белгиланган.

«Биринчидан, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласи, ҳуқуқни қўллаш жараёнида номувофиқликларни бартараф этиш керак. Иккинчидан, инвестиция муҳитини яхшилаш ва зоналарнинг рақобатбардошлигини амалда таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбир кўрилиши лозим. Учинчидан, зоналарда замонавий муҳандислик коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани шакллантириш керак. Тўртинчидан, зоналар дирекцияси, маъмурий кенгаш ва маҳаллий бошқарув органлар фаолиятида самарадорликни баҳолаш зарур. Бешинчидан, махсус иқтисодий зоналар, хусусан кичик саноат зоналарда ягона портал, яъни уларнинг турли сайтларини такомиллаштириш масаласи турибди. Олтинчидан, зоналар бошқарув механизмларини такомиллаштириш, инвесторлар учун маъмурий тўсиқларни камайтириш лозим», — деди сенатор Анвар Тўйчиев.

Аслида махсус иқтисодий зоналар ривожи учун маҳаллий ҳокимлик, солиқ ва божхона органларининг бевосита ва амалий ёрдами инвесторларга кифоя қилади.

«Афсуски, бизда бундай эмас. Махсус иқтисодий зоналар айнан шу органлар томонидан қаттиқ назоратга олинган. Ишлаб чиқарган маҳсулотининг 80 фоизини экспорт қилувчи тадбиркорнинг сўзларини келтириб ўтсам: «Биз эркин иқтисодий зонага чиқсак, авваламбор, Вазирлар Маҳкамасига прогноз топширарканмиз, у ҳужжат керак, бу ҳужжат зарур. Биз зонага чиқмай, ўз ҳудудимизда ишласак яхши» деган фикрни айтди», — деди «Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси» раиси Мухтор Умаров.

Мухтор Умаров

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ишчи кучи етарли экани, инвестиция ва янги лойиҳаларни бажаришга ҳар доим талаб юқори бўлишини инобатга олиб, махсус иқтисодий зоналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиши зарур.

«Бунинг учун биз ўзимизга хос ва мос йўлни эмас, балки жаҳон тажрибасидан фойдаланган ҳолда натижадорликка эътибор қаратиш лозим. Зоналардан учта йўналишда максимал фойдаланишимиз керак: инвесторларни жалб этиш, янги иш ўринларини пайдо қилиш ва экспортни ривожлантириш», — дея мулоҳазасини билдирди у.

Ҳақиқатан, ўзимизга хос ва мос йўлни ўйлаб топавермай, жаҳондаги тажрибани қўллашлик етарли бўлади. Парламент сўрови юборилиши ва унинг натижаси ҳақида Kun.uz’нинг келгуси репортажларида хабар берилади.

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид