Жамият | 14:15 / 20.11.2020
5427
4 дақиқада ўқилади

ХДП фракцияси ўқитувчилар ойлиги ошмаслиги, эски парталар янгиланмаслигидан хавотирда 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган 2021 йил учун режалаштирилаётган Давлат бюджети харажатлари билан танишганимда жуда кўп масалалар давлат раҳбарининг топшириқларига мос эмаслигига амин бўлдим.

Биринчидан,  Президентнинг 2020 йил 16 октябрдаги ПҚ-4864-сон қарорида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун ажратиладиган маблағларни 2 бараварга кўпайтириш белгиланган. 

2020 йилда умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун 147 млрд сўм ажратилган, 2021 йил учун бюджет лойиҳасида 200 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Яъни, 2020 йилга нисбатан бор-йўғи 1,4 бараварга оширилмоқда. Нима учун Давлат раҳбари қарорида белгиланган топшириқлар ижроси таъминланмай қолмоқда? 

Президент қарорида, шунингдек, хизмат муддати 10 йилдан ошган ўқув парталарини 2021-2022 йилларда тўлиқ янгилашни назарда тутиш вазифаси қўйилган. Бироқ мактабларда нафақат 10 йилдан ортиқ, балки собиқ иттифоқ даврида халқ тилида “Ленин парта”, деб номланган парталардан ҳам фойдаланиб келиняпти. Молия вазирлиги мутасаддилари буни билишмайдими? 10 йилдан ортиқ фойдаланилган парталар синф хоналаридан чиқариб ташланса, ўқувчилар дарс жараёнида ерда ўтиришига ҳам тайёрланиши керакми энди? 

Иккинчидан, давлат раҳбарининг сўнгги уч ойдаги нутқида белгиланган вазифалар нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга муносиб шарт-шароитларни яратиш, деб белгиланди. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек катта вазифа ўқитувчилар зиммасига юклатилди. 

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 6 ноябрида қабул қилинган Фармон ва Қарорда педагогларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш вазифаси белгиланди. Чунки, бу таълим сифатини оширишга катта ижобий таъсир кўрсатади. 

Маълумки, охирги йилларда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланиши лозим бўлган тўловлар кўпаймоқда ва умуман олганда, мазкур жамғарманинг харажат юки ошиб боряпти. Хўш, ушбу жамғармага ажратилаётган маблағлар улуши мутаносиб равишда ошириляптими?  

Очиғини айтиш керак, инфляциянинг кейинги йил прогнозига мос равишда ўқитувчиларга иш ҳақи фонди учун маблағ ажратилишида ҳам мутаносиблик таъминланмаган. 

Ҳар йили директор жамғармаси учун мактаблар иш ҳақи фондининг аввал 15 фоизи, кейинчалик 12 фоизи миқдорида ажратилар эди. Бу фоизлар келгуси йилда янада камайиши режалаштирилганини қандай изоҳлаш мумкин? 

Ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш бўйича вазифалар белгиланган бир даврда директор жамғармасининг маблағлари йил сайин камайиб бораётганини тушуниш қийин. Нега бундай бўляпти? 

Кўриниб турибдики, 2021 йил учун мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасида ҳар иккала ҳолатда ҳам давлат раҳбарининг топшириқлари ижроси таъминланмаяпти.

ЎзХДП фракцияси йиғилишида ҳам бу масалага қатъий эътироз билдирдик. Мутасаддилар жавобларидан қониқмадик. Бюджет лойиҳаси парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида муҳокама этилганда ушбу масалага қайтамиз ҳамда давлат раҳбари топшириқлари ижроси таъминланишини тегишли мутасаддилардан талаб қиламиз.

Шоҳиста Турғунова, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Мавзуга оид