Ўзбекистон | 16:13 / 18.04.2023
5521
3 дақиқада ўқилади

Давлат камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши принципиал масала – Халқ демократик партияси

Фото: Халқ демократик партияси

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирлари республика бўйлаб давом этмоқда.

“Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги сиёсий-ҳуқуқий мулоқот тадбири Қарши шаҳридаги Истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, шижоатли ёшлар ва фаол хотин-қизлар, умуман ўз келажагига бефарқ бўлмаган юзлаб қашқадарёликлар иштирок этишди.

Қашқадарё вилояти юртимизда ўз ўрни ва мавқеига эга ҳудуд ҳисобланади. Нефт, газ, конденсат қазиб олиш ва табиий газни қайта ишлаш бўйича республикада биринчи ўринда туради. Ҳудудда хорижий инвесторлар иштирокидаги кўплаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Сиёсий-ҳуқуқий мулоқот тадбирида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, кейинги йилларда юртимизда инсон манфаатлари, қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилувчи улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Конституциявий ислоҳотлар орқали давлат зиммасига қатор ижтимоий мажбуриятлар юкланаётгани, жамоатчилик таклифлари асосида бош қомусимиз ҳақиқий халқ Конституциясига айланаётганини таъкидлади.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 13- ва 14-моддаларида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга ошириши белгилаб қўйилмоқда.

43-моддада давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириш назарда тутилмоқда.

57-моддада эса меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинмоқда. Мазкур модда билан, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, уларнинг ишга жойлашиши, таълим олиш имкониятларини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Тадбирда Маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституция “инсон-жамият-давлат” концепциясига амал қилинган ҳолда ишлаб чиқилгани, 30 апрель кунги референдумда фаол иштирок этиш Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи эканини таъкидлашди.

Халқ демократик партияси ахборот хизмати

 

Мавзуга оид