10:30 / 01.12.2020
7014

Навоийда йўлга югуриб чиққан итдан қочган ҳайдовчи бетон тўсиққа урилди

Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобил йўлининг “Кармана-Маликработ” йўналиши бўйича 171-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, “Дамас” русумли автомашинада ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган, Кармана тумани, Маликработ МФЙда истиқомат қилувчи А.Б. рул бошқарувини йўқотиб қўйиб, бетон тўсиққа урилиши натижасида йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. 

Оқибатда, автомашина йўловчиси, 1968 йилда туғилган, Кармана тумани, Дўрмон МФЙда яшовчи фуқаро С.С. умуртқа суяги синиш жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. 

“Бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда, ҳайдовчи йўлнинг қатнов қисмига тўсатдан югуриб чиққан итни уриб юбормасликка ҳаракат қилгани аниқланди. Афсуски, юқори тезликда ҳаракатланиб келаётганлиги боис, бошқарувни йўқотиб қўйиб, йўл четидаги бетон тўсиққа урилган ва ағдарилган”, – дейилади хабарда. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top