Ўзбекистон | 08:37 / 02.12.2020
30395
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони маълум қилинди

2020 йилнинг 1 ноябр ҳолатига Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43 581 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда ОИТСга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Йўлдошев маълум қилди.

Фото : MED360

Унинг айтишича, мамлакатда ОИТСга қарши кураш тизими охирги йилларда ўз фаолиятининг барча йўналишларида қатор ютуқларга эришиб келмоқда. 

“Юртимизда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятда барқарорлашиш кузатилмоқда. Бу эса БМТнинг ОИВ ва ОИТС бўйича қўшма дастурининг дунё миқёсида тан олинган “90-90-90” стратегик мақсадларига эришишида катта аҳамият касб этади. 

Мамлакатимизда 78та ОИВ диагностика лабораториялари фаолият олиб бормоқда, улардан 15таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари ва 63та туманлараро лабораториялардир. Ушбу лабораторияларда ИФА, иммуноблот, ПЦР, иммунологик, клиник, биокимёвий ва бактериологик текширувлар ўтказилади. Давлатимиз томонидан лабораторияларни тест-система ва реагентлар билан таъминлаш учун ҳар йили 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда”, — дейди Қаҳрамон Йўлдошев.

Қайд этилишича, ОИВ аниқланган шахсларни даволашнинг дунёда тан олинган усули – ретровирусга қарши даволаш бўлиб, республикада беморларнинг 70 фоиздан ортиғи ушбу даволаш усули билан қамраб олинган. 

“Пандемия даврида чет элдан келган 261 394 нафар меҳнат муҳожирлари ОИВ инфекциясига текширувлар билан қамраб олинди ва ОИВ аниқланган ҳолатларда диспансер назоратига олинди.

Пандемия шароитида беморларга қулайлик яратиш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларга қуруқ сут аралашмалари ойлик эҳтиёжидан келиб чиқиб, 3 ойлик захираси билан тарқатилди”, — дея айтиб ўтди ОИТСга қарши кураш маркази директори.

Мавзуга оид