Ўзбекистон | 21:29 / 01.08.2025
3607
2 дақиқада ўқилади

Сенат хориждан қайтганларни ОИВ мажбурий текширувидан ўтказиш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Қонунга кўра, 90 кун ёки ундан ортиқ муддат чет элда бўлиб қайтган ўзбекистонликлар ва хорижликлар ОИВ инфекциясига мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.

Фото: Getty Images

1 август куни Олий Мажлис Сенатининг мажлисида 90 кун ёки ундан ортиқ муддат чет элда бўлиб қайтган ўзбекистонликлар ва хорижликларни ОИВ инфекциясига мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қонун маъқулланди.

Сенатор Гулнора Маруфова сўзларига кўра, қонун билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, узлуксиз 90 ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий текширувдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса ўз маблағлари, иш берувчининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Сенатор агар касаллик ўз вақтида аниқланиб назоратга олинмаса, натижада касалланганлар сони икки бараварга кўпайиши мумкинлигини қайд этди. Маълумотларга кўра, 2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ОИВ билан яшовчи 51087 нафар шахс расман рўйхатга олинган.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва имзолаш учун президентга юборилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид