Вакцина учун кураш: қайси давлат қандай ҳолатда?
Фармацевтика компаниялари учинчи босқич тажрибаларидан сўнг ўз вакциналарини тасдиқдан ўтказиш учун мурожаат қила бошладилар.
Ишлаб чиқариш қувватларининг аксарияти аллақачон сотиб олинган
Nature журналида чоп этилган мақолага кўра, тўртта компания 2021 йил охирига қадар дунёнинг учдан бир қисмига етадиган вакцинани ишлаб чиқариш имкониятига эга.
АҚШдаги Duke глобал соғлиқни сақлаш инновациялар маркази маълумотларига кўра, қашшоқ мамлакатларда яшовчи инсонлар вакцинани 2023 ёки 2024 йилга қадар кутишлари мумкин.
Маркази Лондонда жойлашган Airfinity таҳлил компанияси мутахассиси Расмус Беч Ҳансен компаниялар қисқа муддатда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини камайтирганини эълон қилди.
AstraZeneca, Pfizer ва Moderna 2021 йил охирига қадар 2,6дан 3,1 миллиард кишига, Россиядаги Гамалея эса 500 миллион кишига вакцина ишлаб чиқара олиши айтилмоқда.
Бугунги кунга қадар компаниялар томонидан эълон қилинган вакцина ишлаб чиқариш қувватларининг аксарияти аллақачон сотиб олинган. Масалан, Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат ва беш бой мамлакат вакциналарнинг ярмини сотиб олиш бўйича шартнома тузишди. Ушбу мамлакатларда яшовчилар сони дунё аҳолисининг 13 фоизини ташкил қилади.
Тенгсизлик янада кўпроқ одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин
Олимларнинг таъкидлашича, агар вакциналар дунё бўйлаб шу тарзда тарқатилса, янада кўпроқ одам вафот этиши мумкин.
Airfinity’нинг ҳисоб-китобларига кўра, учинчи босқич синовлари давом этаётган бошқа вакциналарни ҳам қўшиб ҳисоблаганда имзоланган вакцина шартномалари 7,4 миллиард дозага етади. Шунингдек, 2,9 миллиард доза учун музокаралар давом этмоқда.
Аксарият вакциналарда инсон икки дозага эҳтиёж туйиши туфайли қанча одам эмланишини ҳисоблаш учун ушбу рақамларни иккига бўлиш керак. Ушбу вакциналар ҳам қўшиб ҳисобланганда Европа Иттифоқи ва бешта бой мамлакат барча вакцинанинг ярми учун шартнома тузди.
Аҳоли жон бошига эмлаш шартномалари бўйича Канада ҳозирда дунёда етакчи. Ушбу мамлакат ҳар бир киши учун тўққиз дозага буюртма берган. Кейинги ўринларда эса Буюк Британия, Австралия, Чили, Европа Иттифоқи, Япония ва АҚШ жойлашган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолат вакциналарнинг барча мамлакатлар ўртасида тенг равишда тақсимланмаслигини кўрсатмоқда.
«Вакциналар ҳақидаги янгиликлар барчага умид бермоқда. Аммо кўплаб давлатларнинг ҳали бирорта ҳам шартнома имзоламагани қўрқинчли ҳолдир», дейди Duke глобал соғлиқни сақлаш инновациялар маркази мутахассиси Андреа Тейлор.
Маҳаллий ишлаб чиқариш шартномалари ҳам қайси мамлакатлар вакциналарни биринчи олишини аниқлаш нуқтайи назаридан муҳимдир.
Дунёнинг энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси ҳисобланмиш Ҳиндистондаги Serum институти фармацевтика компаниялари учун ишлаб чиқариш қувватларини очиш ортидан 2 миллиарддан ортиқ дозада вакцина ваъда қилди.
Камбағал мамлакатлар
Вакцина ишлаб чиқариш қувватига эга бўлмаган баъзи давлатлар, масалан, Перу ўз аҳолисида вакцина синовларини ўтказишга изн бериш орқали вакцина шартномаларини имзолади. Бундан кўриниб турибдики, кам ва ўрта даромадли мамлакатлар учун жуда оз миқдорда вакцина қолган. Ушбу мамлакатларнинг аксарияти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарлигида ташкил этилган Covax’дан бериладиган ёрдамга муҳтож.
Бугунги кунга қадар 700 миллион дозани сотиб олиш учун шартнома тузган Covax 2021 йил охирига қадар 2 миллиард дозада вакцина олишни режалаштирмоқда. Бу эса ушбу мамлакатлар аҳолисининг 20 фоизига етади, холос.
Бой мамлакатлар
Бой мамлакатлар ўз аҳолисини эмлаб бўлгач, қўлидаги ортиб қолган вакциналарни Covax’га бериши мумкин.
«Covax’нинг бундай ишлаши режалаштирилмаган эди, аммо оқим шу йўналишда кетяпти», дейди Duke глобал соғлиқни сақлаш ва инновациялар маркази мутахассиси Андреа Тейлор.
Вакциналарнинг нархи ҳам компанияга қараб фарқ қилади.
AstraZeneca вакцинаси 3-4 долларга сотилиши мумкин, аммо бошқа компанияларда нарх анчагина баланд.
AstraZeneca эпидемия давомида вакциналарни фойда кўзламаган ҳолда ишлаб чиқаришни ва камбағал мамлакатларга етказишни ваъда қилмоқда. Бироқ вакцина ишлаб чиқарувчи бошқа компаниялар бу борада лом-мим демаяпти.
Duke глобал соғлиқни сақлаш ва инновациялар марказининг фикрига кўра, компанияларнинг вакцина ишлаб чиқариш қувватларини яхшилаш мумкин, аммо бу ҳам чекланган.
Duke маълумотига кўра, ўртача даромадга эга бўлган Ҳиндистон каби мамлакатларда тадқиқот натижалари тасдиқланса, вакцина тақсимоти бўйича дунёдаги вазият ўзгариши мумкин.
Вакцина мамлакатлар ичида қандай тақсимланади?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши вакцинани биринчи навбатда Covid-19’га қарши курашишда муҳим рол ўйновчи одамларга беришни тавсия қилмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, фермерлар, энага ва қўриқчилар шулар жумласидандир.
Ушбу гуруҳдан сўнг эса сурункали касалликларга чалинган ва кекса ёшдаги кишиларни эмлаш, кейинги босқичда эса аҳолининг бошқа қатламларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ экани айтилмоқда.
Мавзуга оид
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024