Ўзбекистон | 21:12 / 05.12.2020
16458
7 дақиқада ўқилади

Вазир ва сенатор икки қутбда: пруфридинг хизматига пул сарфлаш ўзини оқлайдими?

Пруфридинг (Proofreading) – олимлар мақоласини хорижий илмий нашрларда чоп этишни оширишга қаратилган хизмат. Ушбу хизмат сўнгги вақтларда Ўзбекистон илм-фанига ҳам жорий этилмоқда.

ЎзФА Математика институти директори, сенатор Шавкат Аюповнинг фикрича, пруфридинг хизматига кўп пул сарфлаш ноўрин. У бундай сервисни илмий соҳадаги натижаларни «сунъий оширишга уриниш» деб ҳисобламоқда.

Ўз навбатида, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу хизматдан дунё миқёсида фойдаланилиши, шу йўл билан ўзбек олимлари эришган натижаларни халқаро миқёсга олиб чиқиш мумкинлигини таъкидлади.

Сенатор Шавкат Аюпов Сенат қўмитасининг ноябр ойидаги йиғилишида ушбу мавзуга тўхталган эди.

Шавкат Аюпов

«Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан маҳаллий олимларнинг хорижий илмий нашрлардаги мақолалари сонини кескин оширишга қаратилган пруфридинг-сервис хизматини ривожлантириш деб ёзилган банди бор. Вазирлик Буюк Британиянинг «Springer Nature» нашриёти билан 100 минг долларлик шартнома имзолаган. Унга кўра, нашриёт ўзбекистонлик олимларнинг илмий мақолаларини халқаро индексланган, нуфузли илмий журналларда чоп этиш бўйича ушбу хизматни амалга оширади.

Бу нима дегани? Пруфридинг-сервис тайёр мақолани таҳрир қилиб беради фақат. Мазмуни ва илмий савиясини кўтариб бера олмайди. Масалан, шу йилнинг ўзида 310 та мақола ўрганиб чиқилган. Ундан 27 тасигина саралаб олиниб, нашриётга юбориш лозим топилган. Ундан бор-йўғи 16 таси нашр қилинган.

Сабаби, пруфридинг – бу корректурани ўқиш деган нарса холос. Шунинг учун мен ўйлайманки, ундан кўра кўпроқ илмий томонига эътибор берилиши керак. Шунча маблағ кетказиб, чет элда чиқаришни сунъий кўтариш керак эмас», – деди Шавкат Аюпов Сенат қўмитасининг ноябр ойидаги йиғилишида.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Шавкат Аюповнинг юқоридаги фикрларига қўшилмаслигини билдирди.

kxJcU_KH9Mt76YBpKmffQQbocM8wXA5t.jpg (1000×563)
Иброҳим Абдураҳмонов

Вазирнинг айтишича, мақола ёзган олимнинг илми ва мақоласининг мазмуни салмоқли бўлса-да, инглиз тили қоидаларига тўла жавоб бермаса, у чоп этилмайди.

«Бу сервиснинг йўлга қўйилиши мақолаларни чет элда чиқаришни сунъий кўтариш учун эмас. Илмий мақолалардаги энг катта муаммо шуки, улар олимни илми юқори бўлса ҳам, зўр технология яратган бўлса ҳам, агар инглиз тилида техник жиҳатдан тўғри ёзилмаган бўлса, бу автомат тарзда журналларда чоп этилишдан маҳрум бўлади ва журнал муҳаррирлари уни ўқиб ҳам ўтирмайди.

Албатта, илм ва мазмун керак. Лекин мақола мазмунини инглиз тилида тўғри ёзиб бера олмаганидан кейин, бу жуда катта муаммоларга олиб келади. Бу бўйича кўпчиликнинг имконияти йўқ. Чунки она тилиси инглиз тили бўлмаган одам техник инглиз тилида ёза олмайди ва юқори даражали журналлар бу нарсани қабул қилмайди. Зўр технология ва мақолаларимиз шунинг учун қолиб кетади.

Мен бир нечта журналларда муҳаррирман. Асосий муаммони мен кўраман. Ўзининг она тилиси инглиз тили бўлмаган ривожланаётган мамлакатлардан келаётган мақолалар қанчалик илмий асосланган бўлмасин, тили нотўғри бўлгани учун, техник инглиз тилида ёзилмагани учун қолиб кетади.

Дунёда қанча журнал бўлса, формати ҳам шунча турли. Мақола формати тўғри бўлмагани учун ҳам кўп мақолалар қайтиб кетади ва вақтида чиқмайди. Шунинг учун ҳам бутун дунёда пруфридинг сервиси бор.

Масалан, Хитойни оладиган бўлсак, ҳар бир мақолага алоҳида пруфридинг хизматларидан фойдаланиш кенг оммалашган: баъзи олимлари инглиз тилида у даражада ёза олмайди, лекин мақолалари энг катта журналларда чиқади. Сабаби ўша нуфузли журнал даражасига тушадиган инглиз тилиси она тили бўлган одамлар бу мақолаларни қайтадан таҳрир қилиб, мазмунини чиқариб ва техник сифатини яхшилаб беради. Шунинг учун ҳам юқори-юқори журналларга тушади.

Бу (пруфридинг) мақолалар сонини сунъий ошириш эмас. Бу – олимларга ёрдам бериш. 310та мақола келтирилибди. Лекин 310 та мақоланинг ҳаммаси яхши бўлмаган. У шундайки, мақолани халқаро рейтингдаги журналлар гуруҳидан иборат олимлар текширади. Албатта, унинг статистикаси, жадваллари тўғри қўйилганми, ўша журналда нечта жадвал бўлиши керак, нечта расм ва унинг формати қанақа бўлиши ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олинади. Шунинг учун 310 та мақоланинг ҳаммасини бера олмадик. Бериб ҳам бўлмайди.

Олимлар ичида мақолани инглиз тилида ёза олмагани учун ўзбек тилида ёзиб берадиганлари ҳам бор. Агар ҳурматли Аюпов домла математика фанида қийналмаётган бўлсалар, айниқса бу биология, кимё фанларида қийин. Математика тили асосан рақам ва формулалар.

Биз инглиз тилини она тилисидек ўргатадиган тизим қила олмаймиз ва олимларимизни бунга мажбур қилиш ҳам шарт эмас. Мажбурсан, инглиз тилида ўзинг ёзиб қиласан, деган нарса йўқ. Улар чиройли қилиб ўзбек тилида ёзса, ҳозир тил масаласи бу сервис дегани.

Ўзбек тилида чиройли баён қилиб, илмининг маъносини чиқариб бериб, кейин бунинг таржимасини қилиб, техник таҳрир қилиб, марҳамат, дунё тан олган тилда нашр қилишимиз мумкин бўлади.

Менинг битта шахсий қарашим бор. Мамлакатда ҳаммани инглиз тилини биладиган қилиб бўлмайди. Мақола ёзиш, илмнинг ўзигина эмас, бу – санъат. Пуруфридинг – илмнинг сифатини тушириш дегани эмас, сифатли матн шакллантиришга ёрдам берадиган хизмат. Илм сифати бошқа нарса, бу бошқа нарса», сифатсиз илм йўқ мақолани сифатли матнга айлантириб бўлмайди, аксинча сифатсиз ёзилган оламшумул илмий натижа тан олинмасдан қолиб кетаверади-пруфридинг шуни бартараф қилишга қаратилган– дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Эслатиб ўтамиз, инновацион ривожланиш вазири илм-фанда пруфридинг сервислар хизматидан фойдаланила бошлаши ҳақида 2019 йил июнида маълум қилиб, бу нега кераклигини тушунтирган эди.

Мавзуга оид