19:54 / 09.12.2020
3161

БМТ: 2020 йилда яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлганлар 80 миллиондан ошди

Ўт очишни тўхтатиш ва пандемия фонида шафқат қилишга чақириқларга қарамасдан, зўравонлик ва таъқиблар давом этиб, одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди.

Abdullah Rashid/Reuters

«Афсуски, шундоқ ҳам муаммолар кўп 2020 йилда рекорд ададдаги одамлар саргардонликка маҳкум этилди», дейилади БМТ баёнотида.

2019 йил охирларида етмиш тўққиз ярим миллион одам яшаш жойини тарк этган бўлиб, уларнинг қарийб 30 миллиони қочоқлар эди. 79,5 миллион – дунё аҳолисининг 1 фоиздан кўпроғи демак.

БМТнинг қочоқлар бўйича агентлиги (UNHCR) дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда кўпроқ одамлар уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур қилингани ва рақамлар 80 миллионга етганини эълон қилди.

«Биз яна бир хира рақамни хатлаб ўтяпмиз. Бу рақам дунё етакчилари урушларни тўхтатмагунча ўсишда давом этади», дея изоҳ берган қочоқлар бўйича агентлик раҳбари Филиппо Гранди.

Март ойида БМТ раҳбари Антонио Гутерреш жаҳон аҳли пандемия билан курашаётган бир пайтда барча уруш нуқталарида ўт очишни тўхтатишга чақирганди. Ўшандан бери коронавирус туфайли бир ярим миллион инсон оламдан кўз юмди.

UNHCR томонидан маълум қилинишича, айрим гуруҳлар бу чақириққа амал қилди. Лекин шунга қарамай, 2020 йилда Сурия, Конго демократик республикаси, Мозамбик, Сомали ва Яманда қочоқларнинг янги оқими ўз мамлакатларини тарк этган.

Африканинг Саҳел ҳудудида ҳам зўравонлик, зўрлаш ва қотилликлар туфайли одамлар яшаш жойларини тарк этишган.

«Сўнгги ўн йилликда мажбурий кўчишлар икки баробарга ортганини ҳисобга олсак, халқаро ҳамжамият тинчликни сақлаш вазифасини бажара олмаяпти», дейди Гранди.

UNHCR’нинг қайд этишича, тўқнашувларни тинчитишдан кўра коронавирус инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини хароб этди ва юртни ташлаб чиқиб кетмасликка бўлган чақириқлар бефойда бўлишига сабабчи бўлди. Коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар, қочоқларни хавфсиз ерларга етиб олишига қўшимча тўсиққа айланди.

Апрелда рўй берган биринчи тўлқинда 168 мамлакат чегаралари қисман ёки тўлиқ ёпилди ва уларнинг 90таси қочоқларни ўз ҳудудига киритмади.

Шунда ҳам 111 мамлакат қочоқлар учун «прагматик ечимлар» топиб, бошпана сўраш жараёнининг тўхтаб қолмаслигини таъминлашди.

Шунга қарамай, бошпана сўрашга бўлган мурожаатлар 2020 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан учдан бирга қисқарди.

Top