Жаҳон | 11:28 / 25.04.2024
1974
3 дақиқада ўқилади

Россияда урушга қарши жиноий ишларда 900 киши айбланувчига айланди

Уруш бошланганидан бери Россияда урушга қарши жиноий ишларда 902 киши айбланувчига айланди, улардан 260 дан ортиғи аллақачон қамоқда.

Фото: NATALIA KOLESNIKOVA/AFP/Getty Images

Россия ҳукумати томонидан урушга қарши позицияси учун таъқиб қилинганлар сони 900 кишидан ошди. «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳасининг 24 апрел, чоршанба куни чоп этилган тадқиқотида айтилишича, ҳозирда урушга қарши ишларда камида 902 нафар айбланувчи бор, улардан 261 нафари озодликдан маҳрум қилинган ва тергов изоляторлари, ахлоқ тузатиш колониялари ёки мажбурий даволанишда.

Лойиҳага кўра, кўпинча уруш контекстида фуқаролар «армия ҳақидаги фейклар» (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3) моддаси бўйича таъқиб қилинади: 285 киши судланган ёки суд қилинмоқда. «Армияни обрўсизлантириш» (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 280.3) моддаси бўйича 172 киши судланган ёки судланяпти. Жиноий таъқиблар сони бўйича учинчи ўринда терроризмга даъват қилиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205.2) моддаси бўлиб, унга кўра Украинадаги уруш шароитида 150 киши жиноий жавобгарликка тортилмоқда. 

Урушга қарши жиноий ишлар бўйича 60 дан ортиқ айбланувчи қийноқлар қўлланганини маълум қилган 

Урушга қарши ишларнинг энг кўп сони Москва (159 киши), Санкт-Петербург (77) ва Свердловск вилоятида (29) қўзғатилган. Шу билан бирга, Россиянинг деярли барча ҳудудларида урушга қарши чиққанлар таъқибга учраяпти. Фақат Чеченистон, Қорачой-Черкесия, Ненец автоном округи ва Брянск вилоятида урушга қарши позицияга оид ҳолатлар маълум эмас, деб ёзади «ОВД-Инфо». 

Камида 67 та ҳолатда урушга қарши моддалар бўйича айбланганлар қийноқларга дучор бўлганини билдирган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, урушга қарши намойишлар билан боғлиқ таниқли жиноий ишларга алоқадор 264 киши Россияни тарк этган. Уруш бошланганидан бери икки йилдан ошиқ вақт ичида камида 21 киши қамоқдан озод қилинган. Камида 448 киши, яъни айбланувчиларнинг деярли ярми ҳукм чиқарилишини кутмоқда. 

Урушга қарши айбловлар билан таъқибга учраганлар орасида - 122 нафар фаол, 46 нафар журналист, 43 нафар сиёсатчи ва 37 нафар санъаткор бор. Ҳарбий хизматчилар, блогерлар ва ўқитувчилар ҳам таъқиб қилинмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид