11:55 / 10.12.2020
17981

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом вафот этди

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом 82 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Тўлан Низом 1938 йил 17 августда Андижон вилояти Бўз (ҳозирги Бўстон) туманида таваллуд топган. Андижон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими масъул котиби, педагогика билим юрти директори вазифаларида ишлаган.

Ижодкорнинг илк шеърий тўплами – “Сенинг эртакларинг” 1970 йилда нашр этилган. Истиқлол йилларида шоир самарали ижод қилди. Қисқа давр ичида ўттизга яқин достон яратди. Бу достонлар бир қатор адабий нашрларда ҳамда шоирнинг “Ватан ҳақида қўшиқ”, “Оқ гул” каби тўпламларида эълон қилинди. Уч жилдлик “Сайланма”си, “Табибнома” мажмуаси ҳам нашр этилди. 

Тўлан Низом 1998 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Kun.uz марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Top