15:06 / 10.12.2020
4182

Хитой иқлимни назорат қилиш дастурини кенгайтирмоқчи

Хитой ҳукумати ўтган ҳафта иқлимни назорат қилиш дастурини кескин кенгайтирмоқчи эканини маълум қилди. Янги дастурга кўра, 5,5 миллион квадрат километрдан каттароқ ҳудуд қамраб олиниши мўлжалланган. Бу Ҳиндистон ҳудудидан 1,5 баробар каттароқ дегани.

Ҳукумат кенгаши баёнотига кўра, Хитой 2025 йилга бориб фундаментал тадқиқотлар ва юксак технологияга асосланган «ривожланган иқлим назорати тизими»га эга бўлади.

Кейинги беш йилликда сунъий ёмғир ва қор ёғадиган ҳудуд 5,5 миллион квадрат километрга етади, 580 000 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд эса дўл ёғишидан ҳимояланган технологияларга эга бўлади. Баёнотда, шунингдек, дастур қишлоқ хўжалигига кўмаклашиш, ўрмон ва яйловлардаги ёнғинларга зудлик билан чора кўриш, жазирама ва қурғоқчиликка барҳам беришни ҳам назарда тутиши айтилган.

Хитой қишлоқ хўжалик ҳудудларини муҳофазалаш мақсадида об-ҳавони назорат қилиш ва осмон мусаффолигини таъминлаш йўлида анчадан буён изланишлар олиб боради. Жумладан, Пекин-2008 Олимпиада ўйинлари арафасида ҳавони смогдан тозалаш ва кутилмаган ёмғирларнинг олдини олиш учун булут «экиш» операцияси ўтказилганди. Тўғри, ўшанда нафақат булутлар «экилган», балки шаҳар яқинидаги завод-фабрикалар ҳам фаолиятини тўхтатиб турганди.

Булут экиш амалиёти бир неча ўн йилдан буён бор. Бу булутлар ичига кам миқдордаги кумуш йодид моддасини жуда кўп намликни булутлар ичига йўналтириш деганидир. Бу ҳолатда намлик зичлашади ва вазни оғирлашиб ерга ёғади.

АҚШ Миллий фан жамғармаси томонидан молиялаштирилган тадқиқот натижалари «атмосфера шароитлари қулай бўлса, булут экиш қор ёғишини тезлаштириб бериши мумкин» эканини кўрсатган. Бу тадқиқот булут экиш аниқ натижа беришини исботлади.

Ҳуанпида ёмғир ёғдириш учун булут «экиш» операцияси, 2011 йил май

Авваллари одатий қорни сунъий равишда ёғдирилганидан фарқлаш қийин эди.

Бундай ноаниқлик ҳам Хитойни ушбу соҳага сармоя киритишдан қайтара олмади: 2012 ва 2017 йиллар орасида Чин юрти иқлимни назорат қилиш бўйича турли дастурларга қарийб 1,5 миллиард доллар маблағ сарфлади. «Синьхуа» ахборот агентли хабарига кўра, иқлимни назорат қилиш ўтган йили Хитойнинг муҳим қишлоқ хўжалик ҳудуди Шинжонда дўлнинг зарарларини 70 фоизга камайтиришга ёрдам берганди.

Бошқа мамлакатлар ҳам булут экишга сармоя киритиб келаётган бўлса-да, Хитойнинг бу соҳадаги уринишлари, айниқса, қўшни Ҳиндистонни сергак торттирди. Ҳиндистонда қишлоқ хўжалиги муссон мавсумларига чамбарчас боғлиқ ва иқлим ўзгариши натижасида олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетди.

Расмий Пекиннинг иқлим назорати борасидаги саъй-ҳаракатлари маҳаллий характерга эгадек кўринсада, мутахассислар Хитой ташқарисида ҳам потенциал хавфни кўрмоқда.

Тайван миллий университети олимларининг фикрича, иқлимни назорат қилишни тўғри координация қилолмаслик қўшни давлатлардан ёмғир «ўғирлашга» сабаб бўлиши мумкин. Улар, шунингдек, «баҳсли лойиҳаларни мувозанатга келтириб ва текшириб турувчи тизим йўқ»лигига ишора қилган.

Баъзи экспертларнинг тахминича, иқлимни назорат қилишдаги муваффақият Хитойни геоинженерия борасида йирикроқ лойиҳаларни амалга оширишга ундайди. Лекин турли методлар ёрдамида ҳароратни туширишга уриниш каби саъй-ҳаракатларнинг оқибатида кўзда тутилмаган натижалар чиқиб қолиши мумкин.

«Тартибга солинмаса, бир давлатнинг уринишлари бошқа мамлакатларга таъсир қилиши мумкин», дейди ҳиндистонлик олим, Карнатакадаги Манипал академияси мутахассиси Данасрий Жаярам.

Top