Ўзбекистон | 18:59 / 11.12.2020
12431
2 дақиқада ўқилади

ЕОИИ доирасидаги шериклик тенг ҳуқуқлилик принципига асосланиши лозим — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида расман кузатувчи-давлат мақомини олди. Евроосиё иқтисодий кенгашининг мазкур қарорга келинган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари нутқи якунида ЕОИИ доирасидаги шерикликни ривожлантириш қандай принципларга асосланиши кераклиги борасида ўз позициясини илгари сурди.

Ўзбекистон етакчисининг ҳисоблашича, ҳамкорлик мамлакатларнинг миллий манфаатларига жавоб бериши, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган ой АҚШга сафари чоғида Ўзбекистон ЕОИИнинг тўлақонли аъзосига айланиши масаласи ҳали очиқ турганини айтганди.

Россия етакчилигидаги минтақавий интеграция ҳақида гапирар экан, Сафоев бу масала ўзбек жамиятида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишга қараганда кўпроқ қарама-қаршиликларга сабаб бўлаётганини таъкидлаганди.

Шавкат Мирзиёев йил бошида Сенатдаги чиқишида ЕОИИ билан ҳамкорлик борасидаги хавотирларга муносабат билдирган эди.

«Мустақилликни бировга бериб қўяди, деган хомхаёл гаплар ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни? […] Кузатувчи дегани – аъзо дегани эмас. Томошабин дегандек. Кузатувчи мақомида нима яхши, нима ёмонлигини кузатамиз», – деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид