10:39 / 12.12.2020
8304

Сўнгги етти йил ичида Тожикистонда монополиялар сони қарийб 50 фоизга кўпайди

Ҳозирда монополияга қарши курашувчи идора рўйхатида 98та субъект мавжуд. 

Фото: Alisher Primkulov/shutterstock

Муайян товар бозорида монополия мавқейига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри 98та ширкатни ўз ичига олади. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Монополияга қарши курашиш хизмати маълумотида айтилган.

Бундай юридик шахслар (компаниялар) ёки жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) сони 2013 йил бошига нисбатан 48 фоизга ўсди: ўшанда рўйхатда 63та монополист бор эди.

Мамлакатнинг монополияга қарши курашиш қонунчилигига мувофиқ, маълум бир маҳсулот бозорининг камида 35 фоизини эгаллаган субъект монополия деб тан олинади. Шунингдек, умумий улуши камида 50 фоиз бўлган учта корхона ёки жами улуши камида 70 фоиз бўлган бешта субъект доминант сифатида кўрилади.

Ҳозирда ушбу рўйхатга уяли алоқа оператори киради: Tcell, «ТТ-Мобайл», «Вавилон Мобайл» ва «Таком» (ZetMobile). 

Рўйхатда цемент ишлаб чиқариш бўйича Тожикистон-Хитой ширкатлари ҳам бор: «Жунгтсай Моҳир цемент», «Хуаксин Гаюр цемент», «Хуаксин Гаюр Сўғд цемент».

Шунингдек, нефть маҳсулотларининг асосий етказиб берувчилари ҳам қайд этилган: «Газпромнефт-Тожикистон» МЧЖ, «Сегандж» МЧЖ ва Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Давлат моддий захиралари агентлиги, авиация керосини етказиб бериш ва сотиш бозорида якка ўзи ишлайдиган «Ёнилғи қуйиш компанияси» МЧЖ, «Талко ресурс» МЧЖ ва кўмир қазиб олиш билан шуғулланадиган «Фон-Ягноб» МЧЖ.

Бошқа монополистлар қаторида реестрга матбаа хизматларини кўрсатувчи «Шарқи Озод» газета-журнал мажмуаси ҳам киради, ОАВ ундан биноларни ижарага олади. 

Шунингдек, давлат томонидан тартибга солинадиган ва назорат қилинадиган алоҳида рўйхат - табиий монополия субъектларининг реестри мавжуд. Ушбу рўйхатдаги корхоналар (давлат улушига эга корхоналар ёки акциядорлик жамиятлари) давлат монополияси остида бўлган тармоқлар ва бозорларда ишлайди. 

Масалан, «Барки Тожик» электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тарқатиш бозорида, «Сомон Эйр», «Тожик Эйр» ва халқаро аэропортлар - авиация хизматлари бозорида, «Тожиктрансгаз» ОАЖ - табиий газ етказиб бериш ва тарқатиш бозорида, «Тожикистон темир йўли» ДУК темир йўл хизматлари бозорида табиий монополист ҳисобланади. 

Умуман олганда, табиий давлат монополияси субъектлари рўйхатида 30та компания мавжуд. 

Asia-Plus хабарида таъкидланишича, Монополияга қарши курашиш хизмати бозор иқтисодиёти шароитида доминантлар бўлмаган бозорларда нарх шаклланиши жараёнига аралашишга ҳақли эмас. Бироқ, 2018 йилда Тожикистон ҳукумати монополияга қарши курашувчи идорага ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товар ва маҳсулотлар нархини тартибга солишига имкон берадиган махсус қарор қабул қилди. Товар ва маҳсулотлар рўйхати 16 турдаги энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда суюлтирилган газни ўз ичига олади. 

Top