Фан-техника | 09:57 / 13.12.2020
12333
7 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитойнинг киберхавфсизлик стратегияси: ким нимани кўзламоқда?

Халқаро тизимда кўплаб давлатлар ўзининг кибермудофаа ва ҳужум қобилиятини ошириш учун киберхавфсизлик стратегиясини илгари сура бошлади ва ушбу жараёнларни давом эттириш учун базавий тузилмаларни ташкил этди.

«Anadolu» агентлиги муаллифи Али Буракнинг мақоласида АҚШ ва Хитойнинг киберхавфсизлик стратегиясига оид устувор мақсадлар ҳақида сўз юритилади.

Киберхавфсизликнинг муҳим аҳамияти

1980-йиллар бошида АҚШда дастлабки шахсий компютерларни ишлаб чиқариш ортидан бошланган интернет-технологияларга асосланган тижорат совуқ урушдан кейинги даврдаги глобал миқёсли ривожланишнинг илк хабарчиси бўлди.

Интернетнинг оммалашуви ва тижоратлашувидан сўнг, 2000-йилларда мобил телефон технологияси шиддат билан ривожланиб борди. Бугунги кунда эса тобора кенг тарқалиб бораётган замонавий смартфонлар ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб борди.

Технологик ривожланиш билан параллел равишда, айни пайтда мамлакатлар «муҳим инфратузилма» сифатида таърифланувчи давлат хизматларини кўрсатиш тизимларини тармоқ технологияларига асосланган инновациялар билан бошқара бошладилар. Натижада эса муҳим инфратузилмаларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш уларнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди.

Интеллектуал инқилоб натижасида 1990-йиллардан эътиборан давлатлар кибердунё тақдим этган имкониятлардан ўз ҳарбий салоҳиятларини ривожлантириш йўлида ҳам фойдалана бошладилар. Бу борада халқаро тизимда глобал ва минтақавий куч мақомида бўлган кўплаб давлатлар, хусусан, АҚШ ва Хитой ўз киберхавфсизлиги ва ҳужум қобилиятини ошириш мақсадида махсус стратегияларни илгари сура бошлади, ушбу жараёнларни ривожлантириш мақсадида фундаментал тузилмалар яратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу икки давлат самарали киберхавфсизлик қобилиятига эга деб бемалол айтиш мумкин.

АҚШнинг киберхавфсизлик стратегиялари

Совуқ уруш тугагач, 1990 йилдан бошлаб АҚШ интернетнинг оммалашуви ва тижоратлашувига ўз гегемонлигини давом эттиришнинг воситаси сифатида алоҳида аҳамият қаратди.

Америка 2000-йилларнинг бошларига қадар ўзининг киберхавфсизлик стратегиясини айни шу мақсадни кўзлаган ҳолда ишлаб чиқди.

2000 йилдан кейинги даврда эса Россия киберимкониятларни ўз ҳарбий салоҳиятини ошириш учун қўллаши, шунингдек, Хитойдан келиб чиқадиган кибер-жосуслик таҳдидлари ортиши туфайли АҚШ ҳам ҳарбий ва разведка мақсадларини шу доирада кенгайтириш пайига тушди.

Таъкидлаш жоизки, АҚШнинг киберхавфсизлик стратегиясини белгилайдиган асосий ҳужжатлар мамлакатнинг тегишли муассасалари томонидан эълон қилинган стратегик маълумотлар, ҳарбий ва хавфсизлик доктриналаридангина иборат эмас.

Федерал тизимнинг натижаси ўлароқ, АҚШнинг киберхавфсизлик стратегияси шаклланишида президент кўрсатмалари, тегишли хавфсизлик институтлари томонидан илгари сурилган ғоялар, штатлар бўйича тузилган кибер стратегик режалар ҳам катта аҳамиятга эга.

Киберхавфсизлик стратегиясида АҚШ асосан қуйидаги мақсадларга эътибор қаратади:

  1. Муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш учун давлат ва хусусий секторларнинг биргаликда ҳаракатланишига эришиш.
  2. Давлат ва хусусий секторнинг биргаликда ҳаракат қилиш қобилиятини ривожлантиришга оид режаларни ишлаб чиқиш, хусусий секторни кибер соҳадаги вазифаларни бажаришга ундаш ва уни бу йўлда қўллаб-қувватлаш.
  3. Иш берувчилар ва бизнес секторининг киберҳужумларга қарши «иммунитет»ини ошириш, федерал даражада таълим бериш ва йўналтиришга аҳамият қаратиш.
  4. Россиянинг кибер қудрати ортидан туғилувчи таҳдидларни йўқ қилиш бўйича режалар ишлаб чиқиш.
  5. Хитойнинг кибер-жосуслик таҳдидларининг олдини олиш мақсадида технологик янгиликларни амалиётга муттасил жорий қилиш ва хусусий секторнинг тижорий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий чора-тадбирларни кўриш.
  6. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, ичимлик суви, аҳоли соғлиғини сақлаш ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш тизимлари, ижтимоий таъминот, ахборот ва телекоммуникация инфратузилмалари, энергетика, транспорт, банк ва молия, кимё соҳаси, почта тизимларидаги барча расмий компютер, дастурий таъминот ва тармоқ технологияларини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш.
  7. Товар ва хизматлар, ғоялар, тадбиркорлар ва капиталнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш.
  8. АҚШ билан иттифоқдош мамлакатларни беқарорлаштиришга қаратилган киберҳужумларга қарши курашда ушбу давлатларни қўллаб-қувватлаш.

Хитойнинг киберхавфсизлик стратегиялари

Хитой ўзининг улкан ҳудуди, кўп сонли аҳолиси ва жадал ривожланаётган иқтисодий ҳамда ҳарбий инфратузилмаси туфайли сўнгги йилларда муҳим глобал кучга айланди. Шу сабабли ҳам Хитой ҳукуматининг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, технологик соҳалардаги фикрлари, ниятлари ва режалари бошқа давлатлар томонидан яқиндан кузатиб борилмоқда.

Агар дунёдаги 3,4 миллиард интернет фойдаланувчисининг 721 миллиони Хитойда эканлигини ҳисобга олсак, ушбу мамлакатнинг глобал киберхавфсизлик стратегиясини белгилашда нақадар катта аҳамиятга эгалиги ойдинлашади.

Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, Хитой киберхавфсизлик бўйича дунёдаги энг катта мутахассислар жамоасига эга. Шу боис, у АҚШ ва Россия билан киберкосмик маконда ҳукмронлик қилиш позициясига эришди.

Хитой ўзининг кибер салоҳиятидан биринчи навбатда мудофаа ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, кибер-жосуслик операцияларини лойиҳалаштириш йўлида фойдаланмоқда. Шу нуқтайи назардан, унинг киберхавфсизлик стратегияси асосан иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мақсадларга қаратилган, деб айтиш мумкин.

Ушбу мақсадлар эса қуйидагилардан иборат:

  • Иқтисодий ўсиш ва барқарорликка эришиш учун янги авлод технологияларини кибер-жосуслик операциялари доирасида ишлаб чиқиш.
  • Хитой коммунистик партиясининг мамлакат маъмуриятидаги самарадорлигини сақлаб қолиш учун интернетни назорат қилиш ва шу орқали маҳаллий мухолифат ҳаракатлари, фитнакор гуруҳлар ва юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий ғалаёнларнинг олдини олиш.
  • Тармоқ технологияларига асосланган ахборий хуружларга қарши чоралар ишлаб чиқиш; мамлакатнинг ички ишларига аралашишга қаратилган ҳар қандай фаолиятга қарши курашиш.
  • Чет эл разведка хизматлари томонидан Хитойга қарши режалаштирилган кибер-жосуслик фаолиятларига қарши самарали тузилмаларни яратиш.
  • Янги авлод технологиялари томонидан тақдим этилган имкониятлар доирасида ҳарбий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, потенциал душман ҳарбий кучларининг муҳим инфратузилмаларига қарши қаратилган режалар ишлаб чиқиш.
  • Нишонга олинган минтақа ва маъмуриятларга қарши тармоқ технологияларига асосланган ахборот уруши стратегиясини ташкиллаштириш.

Албатта, бугун Хитой ҳам худди Россия сингари АҚШнинг интернетни бошқаришдаги глобал гегемонлигига барҳам беришни истайди. Шунинг учун ҳам у мазкур мақсад доирасида миллий дастурий таъминотни яратиш устида бош қотирмоқда.

Хитой АҚШ томонидан ишлаб чиқилган ижтимоий медиа дастурларидан ўз ёшларининг фойдаланишини назорат қилмоқда, интернет кузатувини кучайтирмоқда, жамоат майдонида wi-fi ва VPN дастурларидан фойдаланишни тақиқламоқда. Табиийки, ушбу ҳаракатлари ортидан у АҚШ ва бир қатор Ғарб давлатлари томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Мавзуга оид