Тошкентдан Хивага энди 15 соат эмас, 7,5 соат юрилади: “Жалолиддин Мангуберди” поезди қатнови бошланди. Киберхавфсизлик ходимларининг маълумотлари ўғирланди: ҳакерлар расмийларга очиқ таҳдид билан чиқмоқда. Швейцарияда Гулнора Каримова устидан суд вақтинча тўхтатилди: 350 миллион долларни ўзбек халқига қайтариш масаласи сўроқ остида.

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим муҳим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

“Жалолиддин Мангуберди” йўлга чиқди

Тошкент ва Хива ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатнови йўлга қўйилди. Бугун, 3 май куни тонгда “Жалолиддин Мангуберди” поезди илк рейсини бошлаб, Тошкент марказий вокзалидан Хивага қараб йўл олди. Кореядан харид қилинган пўлат карвон 260 км/соатгача тезликда ҳаракатланиб, ўз манзилига 7 соат-у 31 дақиқада етиб боради. Таққослаш учун, бу йўналишда анъанавий поездлардаги сафар вақти 14-15 соатни ташкил этади.

Янги поезд ҳафтасига уч марта қатнайди. Чипта нархи келсак, уни арзон деб бўлмайди. Юқорида айтганимиз 14-15 соат йўл юрадиган поездлар чиптаси ҳозирда вагон турига қараб 245 минг сўмдан 349 минг сўмгача туради. “Жалолиддин Мангуберди” чиптаси эса – 780 минг сўм. Буни авиачипта нархи билан солиштирадиган бўлсак, UzAirways'нинг Тошкент–Урганч рейси чипталари багажсиз тарифда 770 минг сўмдан бошланади. Багажга эга, чиптани қайтариш ёки санасини ўзгартириш имкониятини берадиган парвозда эса йўлкира 840 минг сўм.

Фарғона водийсида ҳам темирйўл қатновига оид янгилик бор: Марғилон, Қўқон, Наманган ва Андижон шаҳарларини боғлайдиган ҳалқа электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Душанба куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи доирасида бу йўналишдаги илк рейсда Қўқондан Марғилонга келди. 324 километрлик темирйўл ҳалқасида Тошкентда ишлаб чиқарилган янги электропоездлар қатнайди. Поездларда кондиционер, бепул WiFi ва USB-портлар бор. Чипта нархи – 15 минг сўм, яъни таксидан ҳам арзонроқ.

Шу ҳафта маълум бўлишича, Чехиянинг Škoda компаниясидан электропоездлар сотиб олиш масаласи яна кун тартибига қайтган. Пайшанба куни Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Škoda билан 10 та электропоезд хариди бўйича шартнома имзоланди. 2023 йилда имзоланган аввалги битим доирасида 320 млн евро қийматда 30 та электропоезд етказиб беришга келишилган, лекин бу амалга ошмай қолганди. Янги келишувни Чехия давлат суғурта компанияси ва Европа инвестиция банки қўллаб-қувватлаяпти.