Ўзбекистон | 22:17 / 13.12.2020
24989
2 дақиқада ўқилади

«Маҳалла ислоҳотчига айланиши керак». Президент маҳалла раислари маошлари оширилишини айтди

Ўзбекистонда «Маҳалла раиси – ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Хоразмга сафари якунида ташкил этилган йиғилишда айтиб ўтди.

Давлат раҳбари жиноятчилик бўлмаган маҳалла мутасаддиларининг маоши оширилишини маълум қилди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Маҳалла бугун ислоҳотчига айланиши, энг қуйи поғонадаги тизимни ҳақиқатда халқпарвар қилишимиз лозим. Олдингидай туманнинг битта кўчасини асфальт қилиб, маҳаллаларни қилмай одамларни норози қилишни йўқ қилишимиз керак.

[...] Маҳалла раисларининг ойлигини кўриб чиқаман. Жиноятчилик бўлмаган маҳалла 2 баробар кўп ойлик олади. 3–4 млн маош ва пенсияни ҳам олаверади», – деди президент.

Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам тўхталди.

«Коронавирус тиббиётимизга катта синов бўлди. Кўрдинглар, кўп одамларни йўқотдик...

Вазнимиз жуда катта, ўзимизга қарамаймиз. Масалан, [Сирдарё вилояти] Оқолтин тумани аҳолиси 87 фоизи спорт билан шуғулланмайди. Ҳар куни ҳеч бўлмаса 1 соат пиёда юришни тарғиб қилишимиз керак. Юрганга пул, китоб ўқиганга машиналар беряпмиз», – деди Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, президент октябр ойида соғлом турмуш тарзи тарғиботига доир фармон имзолаган эди. Шу асосда ҳар чоракда ҳар бир туман (шаҳар)да «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танлови ташкил этилади.

Танловда 1-ўринни эгаллаган маҳаллага 10 млн сўм, 2-ўрин учун 5 млн сўм ва 3-ўринга 3 млн сўм миқдорида пул мукофоти берилади.

Пул мукофоти МФЙнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади ва маҳаллада спорт майдончаларини ташкил этиш, уларни жиҳозлаш, спорт тадбирларини ўтказиш мақсадларига истисно тариқасида тендер савдоларисиз йўналтирилади.

Шу билан бирга, 1 мартга қадар ишлаб чиқиладиган тартибга асосан, бир суткада 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўланади.

Мавзуга оид