23:10 / 18.12.2020
38194

Россия чегараси Ўзбекистон фуқаролари учун ҳамон ёпиқ. Музокаралардан наф бўлмаяпти

Айни пайтда Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ. Фақатгина ҳукумат қошидаги тезкор штаб томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар РФга киритилмоқда.

Фото: tvsamara.ru

Меҳнат таътили ёхуд пандемия туфайли Ўзбекистонга қайтган, бироқ ўзи ишлаётган корхона уни қайта-қайта ишга чақираётганига қарамай, у ерга бора олмаётган ватандошлардан Kun.uz'га кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланмаётганининг сабаблари, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари нима учун Россияга киритилмаётгани, бу борада ҳукуматлараро музокаралар қайси босқичда экани юзасидан расмийларга мурожаат қилди.

«Россия чегараларини қачон очиши номаълум»

Наврўз Ашурматов, Транспорт вазирининг матбуот котиби:

— Айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудига кириши мумкин бўлган шахслар тоифаси бор. Жумладан, элчилар, Ўзбекистоннинг дипломатик консулхоналари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчиларгина кетишмоқда. Улар ҳам ПЗР тест топшириши ва «Роспотребнадзор» сайти орқали рўйхатдан ўтиши талаб этилади. Мана шундай процедуралари бор.

Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ташкилий тарзда Россияга ишлашга юборилаётган фуқароларимиз мамлакат ҳудудига киритилмоқда. Бироқ аввалгидай ўзи индивидуал тарзда ишлаш учун ушбу давлатга бормоқчи бўлаётганларга ҳозирча рухсат йўқ.

Россия қачон чегараларини очиши номаълум. Бу йилнинг ҳисобидан, менимча, рухсат бермаса керак. Чунки Европада коронавирус билан касалланишнинг янги тўлқини кузатилмоқда. Россия Федерация Махсус комиссияси ҳам чегаралар очилмаётганини айнан пандемия билан изоҳламоқда.

Бу борада айтишим мумкин бўлган битта янгилик шуки, ўтган ҳафта бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Россиядан меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга олиб қайтиш учун Москвадан поезд қўйилишига рухсат берилди. Аммо бу фақат қайтувчилар учун, Россияга борувчилар учун эмас.

Ўзбекистонликлар айни пайтда якка тартибда на самолёт, на поезд ва на автобус ва автомобилда Россия ҳудудига кира олмайдилар.

Бизга ҳам тезроқ рухсат берилса, рейслар очиб юборилса, қанийди. Авиация, темир йўл, автобус рейсларидан фойдаланадиган йўловчиларнинг асосий қисми Россияга қатнарди, у ердан қайтарди. Чекловлар туфайли ушбу йўналишларда ҳаракатланиш бугун тўхтаб қолган.

Қатновларнинг жонланиши «Uzbekistan Airways» ёки «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга боғлиқ масала эмас. Россия ҳукумати рейслар тикланишига рухсат бериши билан Ўзбекистондаги транспорт компаниялари жадвал асосида олдингидек қатновларни амалга ошираверади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Хитой ҳам бошқа давлатлар билан чегараларини очгани йўқ. Бу мамлакатда бизнеси бор ёки шу ерда ўқийдиган ватандошларимиз ҳам қийналишмоқда. Жанубий Корея билан ҳам мунтазам парвозлар йўлга қўйилмаган, аммо чартер рейслар амалга оширилмоқда. Ҳозирга келиб Дубай, Алмати, Минск, Франкфурт ва Истанбул аэропортлари бошқа давлат фуқаролари учун очилган.

«Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига рухсат бор. Негадир Ўзбекистонга рухсат берилмаяпти»

Ортиқхўжа Норов, Ташқи меҳнат миграция агентлиги ахборот хизмати раҳбари:

— Юртдошларимиз якка тартибда Россияга ишлаш учун кета олмаётганидан хабаримиз бор. Бироқ бу муаммонинг ечими бизга эмас, Россия тарафига боғлиқ бўлиб турибди. Бу ерда гап транспорт қатновига боғлиқмас. Битта муаммо бор: ҳозирги пайтда Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига рухсатсиз кириши мумкин эмас.

Аслида Россияда пандемия бошларида жорий этилган карантин чекловлари ортидан бошқа мамлакат фуқароларининг Россия ҳудудига киритилиши тўхтатилганди. Айни пайтга келиб Қозоғистон, Қирғизистон фуқароларига нисбатан ушбу чеклов бекор қилинган. Улар исталган вақтда исталган турдаги транспорт воситасида Россияга бориши мумкин. Фақат нимагадир Ўзбекистон фуқароларига рухсат берилмаяпти.

Агентлигимиз томонидан фуқароларни ташкиллаштирган ҳолда Россияга юбориш ҳам осон кечаётгани йўқ. Ўзбекистонликларнинг Россияга кириши учун рухсатни биз эмас, балки иш берувчиларнинг ўзлари олишмоқда.

Россияда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб бор. Унга бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова раислик қилади. Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига кириши учун айнан шу штабнинг рухсати талаб этилмоқда. Бунда мамлакатга киритилишига рухсат берилган фуқароларнинг рўйхати (исм-фамилиялари) чегара хизматларига тақдим этилмагунча улар Россияга киритилмаяпти. Муаммо шунда.

Бу муаммога ечим топиш мақсадида бир неча марта учрашувлар, музокаралар бўлди. Вазирлар Маҳкамаси ва вазирлик даражасидаги делегациямиз Россияга борди, уларнинг вакиллари Ўзбекистонга келишди. Аммо ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудига эмин-эркин кириб чиқишига қўйилган тўсиқ ҳалигача олиб ташланмади.

Қозоғистон фуқароларига нима учун мумкин, бизникиларга мумкин эмас, бунинг сабабини билмайман. Бу вазиятни пандемия билан изоҳлашмоқда. Аммо ҳамма давлат фуқаролари кира олмаганда эди, бунга ишонса бўларди. Бу масалага аралашиш учун бизнинг ваколатимиз йўқ.

Шу пайтгача қанча фуқаромизни Россияга ишлаш учун ташкилий равишда жўнатган бўлсак, уларнинг мамлакатга киришига рухсатни биз олаётганимиз йўқ. Биздан ишчи сўраётган Россиядаги нуфузли нефть-газ, қурилиш компанияларининг ўзлари тезкор штабдан ўзбекистонлик ишчиларнинг киришига рухсатни олишмоқда, шундан сўнг биз одамларни юборяпмиз. Улар рухсатни қай тарзда олаётганидан хабаримиз йўқ. Ҳамма ҳам бундай рухсат олаётгани йўқ, асосан йирикроқ иш берувчилар бунинг уддасидан чиқмоқда, кичик фирмаларга Ўзбекистондан ишчи олиб киришга рухсат берилмаяпти.

Ишчилар қандай танлаб олинаётганига келсак, айримлар пандемиягача ўзларида ишлаган одамларнинг рўйхатини бериб, шулар келолмаяпти, ёрдам беринглар деб айтаётган бўлса, баъзилар бизга иш сўраб мурожаат қилган, рўйхатимизда бор одамларни ўзларига керак мутахассисликлар асосида танлаб олишмоқда.

Дейлик, кимгадир 50 нафар пайвандловчи, 100 нафар ғишт терувчи керак. Бундай пайтда базамиздаги ишга муҳтож мутахассисларни таклиф этамиз. Улар видеоконференция орқали ишчилар билан тўғридан тўғри гаплашиб, тил билиши, малакаси ва саломатлигига қараб, маълум бир қисмини танлаб олишмоқда. Айримлар шахсан келиб ишга борувчилар билан суҳбатлашишмоқда.

Иш берувчиларнинг рўйхатлари асосида биз танлаб олинган фуқароларнинг паспорт маълумотлари асосидаги рўйхатини уларга юборамиз. Рухсат олингандан сўнг ўзбекистонликлар чартер рейс асосида Россияга юборилмоқда.

Якка тартибда Россияга кета олмаганлар Беларус орқали ушбу давлат ҳудудига ўтишаётгани ҳақида эшитдим. Лекин бу нолегал, эртага бу хатти-ҳаракат учун фуқаро фақатгина депортация қилинмайди, балки чегарани ноқонуний тартибда кесиб ўтгани билан жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.

***

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирги пайтда мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхоналари томонидан музокаралар давом эттирилмоқда. Вазирлик масъул ходими тез орада бу борада расмий муносабат билдирилишини маълум қилди.

  • Ўзбекистон расмийлари Россия билан қатновларни тиклашга тайёрлиги ва иккинчи томон билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида бундан уч ой олдин баёнот беришган эди.
  • 17 декабр куни Россия президенти Владимир Путин йиллик анъанавий матбуот анжуманида мамлакат чегаралари имкон бўлиши билан очилишини айтди.
  • 18 декабр куни МДҲ саммитида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўзаро авиақатновларни имкон қадар тезроқ тиклаш тарафдори эканини баён қилди.
Top