20:23 / 24.12.2020
3618

Кириш имтиҳонларида коррупция ҳолатига дуч келдингизми? – ДТМ сўровнома ўтказмоқда

Сўровномада жорий йилги кириш имтиҳонларининг ўтказилиш шароити ҳақида муносабат сўралган, шунингдек, коррупцияга алоқадор саволлар ҳам киритилган.

Давлат тест маркази ва U-Report платформаси ўтказаётган сўровномада ҳозирга қадар 12 мингдан кўпроқ респондент қатнашган.

Сўровномада жорий йилги кириш имтиҳонларининг очиқ ҳавода ўтказилганлиги борасида муносабат сўралган. Кириш имтиҳонлари қай даражада шаффоф ўтгани ҳақида ҳам савол берилган.

Респондентларнинг 39 фоизи имтиҳон шаффофлигини ўртача баҳолаган. 23 фоизи эса шаффоф ўтмаган, деб ҳисоблайди.

Кириш имтиҳонларида коррупция ҳолатлари кузатилгани ҳақидаги саволга иштирокчиларнинг 54 фоизи «йўқ» деб, 14 фоизи эса «ҳа» деб жавоб берган. 30 фоиз респондент коррупция ҳақида фақат эшитганини билдирган.

Шунингдек, сўровнома орқали кейинги йилларда ҳужжат топшириш жараёнини қандай ташкиллаштириш ва имтиҳон шаффофлигига эришиш борасида таклифлар ҳам бериш мумкин.

Сўровномада @UReportUzbBot манзили орқали қатнашиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1,5 миллионга яқин абитуриент 140 мингга яқин ўрин учун кириш имтиҳонларини топширди. Пандемия туфайли кириш имтиҳонлари очиқ ҳавода ўтказилди. Имтиҳон олинадиган фанлар эса 5тадан 2тага қисқартирилди. 

Top