21:43 / 25.12.2020
5735

Ихтисослашган боғчалардаги болаларнинг 60 фоиздан ортиғи аслида соғлом бўлиб чиқяпти — МТВ

Ихтисослашган боғчаларда болаларга бериладиган овқатлар оддий боғчалардан фарқ қилади, имконияти чекланган болаларнинг ривожланиши учун имкон қадар кўп эътибор берилади. Шунинг учун ота-оналар боласи соғлом бўлса ҳам, уни ихтисослашган боғчага беришга ҳаракат қилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида жисмоний ва ақлий ривожланишдан орқада қолаётган боғча ёшидаги болаларга кўптармоқли боғчаларга йўлланма берилмоқда. Болалар билан ишлайдиган махсус комиссия таркиби республика тиббиёт ташкилотлари мутахассисларидан иборат бўлади. 

Бугун, 25 декабрь куни ҳам махсус комиссия болаларни кўрикдан ўтказди ва уларга тегишли МТТларга йўлланма берди. Имконияти чекланган болаларга махсус типдаги МТТларга 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддат учун йўлланма берилади. Шу вақт ичида педагоглар болалар билан коррекцион педагогика ўтказишади, реабилитация ёрдами кўрсатишади. Булар билан болаларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига эришиш, уларда жамиятга қўшилиш кўникмасини ҳосил қилиш мақсад қилинган. Махсус МТТлардаги парвариш ва таълимдан сўнг болалар умумий типдаги боғчаларга ўтказилади.

Мактабгача таълим вазирлигининг маълумот беришича, 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, республика бўйича 9 996 нафар бола 147та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланмоқда. Ҳозир ихтисослаштирилган боғчаларда тарбияланаётган болалар кўптармоқли мактабгача таълим ташкилотларига тиббий кўрик асосида ўтказилмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳрида 49та ихтисослаштирилган боғча фаолияти мувофиқлаштирилиб, 17та кўптармоқли ихтисослаштирилган боғчага айлантирилган. Уларда 959 нафар бола тарбияланмоқда.

«Ҳозир ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ёпиляпти, деган тушунмовчиликлар ҳам бўляпти. Аслида ундай эмас. Уларнинг ўрнига кўптармоқли боғчалар очиляпти.

Кўптармоқли деганда болаларнинг ташхиси, муолажа ишлари битта жойда олиб бориладиган боғчалар тушунилади. Бундай боғчаларда логопед, дефектолог каби барча мутахассислар ишлайди.

Ихтисослашган боғчалардаги соғлом болалар эса умумий типдаги боғчаларга ўтказилмоқда. Текширувларга кўра, бутун республика бўйича ихтисослаштирилган МТТлардаги 60 фоиздан ортиқ болалар соғлом бўлиб чиқяпти.

Ота-оналар ҳам соғлом болалар ҳақиқатан ихтисослаштирилган МТТларда тарбияланишга муҳтож болаларнинг ўрнини банд қилмасликлари лозимлигини тушунишлари керак», – дея Kun.uz'га маълумот берди МТВ ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева.

Унинг қайд этишича, ихтисослаштирилган боғчаларда овқатланиш тизими алоҳида тартибда ишлаб чиқилган, имконияти чекланган болаларга имкон қадар кўп эътибор қаратилади. Шунинг учун кўп ҳолларда ота-оналар болаларини соғлом бўлишса ҳам, шундай боғчаларга беришга ҳаракат қилади. Соғлом болаларнинг ихтисослаштирилган боғчаларга соғлом болаларнинг қабулида коррупция аломатлари ҳам бор. Шундай ҳол аниқланганда тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилади.

Top