Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сон қарори ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Мактабгача таълим вазирлигининг 2020 йил 6 январдаги «Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказишни ташкил этиш тўғрисида»ги қўшма қарорига асосан мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ички ва ташқи баҳолашдан ўтказиб келинмоқда.
Таълим инспекцияси хабарига кўра, 2021 йил режасига асосан жорий йилнинг январь–март ойларида жами 802 та мактабгача таълим ташкилоти аттестация жараёнларига жалб қилинди.
Таълим инспекцияси ҳузуридаги Аккредитация комиссияси йиғилиш қарорига асосан 710 та мактабгача таълим ташкилоти «аттестациядан ўтди» ва аккредитацияланди, 92 таси эса «аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Андижон вилоятида 13 та, Бухоро вилоятида 2 та, Жиззах вилоятида 6 та, Навоий вилоятида 7 та, Наманган вилоятида 1 та, Самарқанд вилоятида 12 та, Сирдарё вилоятида 10 та, Сурхондарё вилоятида 16 та, Тошкент вилоятида 15 та, Фарғона вилоятида 2 та, Хоразм вилоятида 1 та, Қашқадарё вилоятида 4 та, Тошкент шаҳрида 2 та мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ўта олмаган.
«Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ўтолмаган тақдирда директорнинг малакаси етарли эмас деб топилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.
Шунингдек, фаолиятига бир йил тўлмаган директор мажбурий равишда навбатдан ташқари малака ошириш жараёнларига жалб этилиб, МТТ бир йилдан кейин қайта аттестацияга жалб қилинади. Қайта баҳолаш натижаларига кўра, давлат МТТ аттестациядан ўтмаган тақдирда, директор билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, Таълим инспекцияси маълумотида МТТлар аттестация жараёнида эътибор бериладиган жиҳатлар санаб ўтилган.
Мактабгача таълим ташкилотларининг охирги икки йиллик фаолиятини комплекс таҳлил қилиш асосида ўтказиладиган аттестация жараёнида қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:
- таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилгани;
- тарбияланувчиларнинг ривожланиш даражаси;
















