Ўзбекистон | 16:04 / 31.03.2022
6311
2 дақиқада ўқилади

Болалар туғилганданоқ уларни боғчаларга навбатга қўйиш тизими жорий этилган – МТВ

Ўтган йилдан бошлаб чақалоққа гувоҳнома олиш пайтида уни ҳудуддаги энг яқин мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш тизими ишлаяпти.

Бугун, 31 март куни Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни яхшилаш учун уларни туғилганданоқ навбатга қўйиш тизими ишлаётгани ҳақида маълумот берилди.

“Демографик ўсиш деган нарса бор: ўтган йилнинг ўзида 800 мингдан ошиқ бола туғилди. Шунинг учун Мактабгача таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ўтган йилдан бошлаб ФҲДЁ органларида бола туғилганданоқ уни ўзига яқин мактабгача таълим ташкилотларига навбатга қўйиш жорий этилган”, дея маълумот берди вазирлик матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

Вазирлик мутасаддисининг қайд этишича, ота-оналарда боғчани ихтиёрий танлаш имконияти ҳам бор. Шунинг учун аксар боғчаларда навбатлар сони ҳаддан зиёд ошиб кетган ҳолатлар мавжуд.

“Шунинг учун ота-оналардан илтимос қилардикки, ўзларига яқин бўлган боғчаларнинг навбати камроқларини танлашса, бола ўз вақтида боғчага боради. Ота-оналар давлат хизматлари марказларига борганда навбати кам боғчалар рўйхати кўрсатиб берилади.

Қолаверса, болалар туғилгандан уларни навбатга қўйдиришга ҳам эътиборли бўлишларини сўраймиз”, дея қўшимча қилди Мавлуда Асқархўжаева.

Мавзуга оид