Президент билан учрашув ҳақида ёшлар қандай фикрда?
Жорий йил 25 декабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ёшлари форуми бўлиб ўтди. Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, келажак эгалари билан очиқ мулоқот ўтказди, уларни тинглади. Бундай учрашувлар давлат раҳбари учун ғайрат-шижоат бағишлаши, ёшлар мамлакатнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси экани таъкидланди.
Форумда иштирок этган ёшлар Kun.uz мухбири билан суҳбатда тадбирдан олган таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Донохон Аҳадова:
– Ўзбекистон ёшлари форуми куни кеча ўтказилган Тошкент ёшлар форумининг мантиқий давоми сифатида эътироф этилмоқда. Тошкент ёшлар форумида Ўзбекистон тарихида илк бор ҳукумат аъзолари билан ёшларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилганди. Бугун эса шахсан давлатимиз раҳбари бизнинг мулоҳаза ва таклифларимизга қулоқ тутдилар. Икки соатдан кўпроқ вақт давомида жонли мулоқот ташкил этилди.
Давлат раҳбари маърузасини эшитиб, ёшлар учун кўплаб имкониятлар тақдим этилганига гувоҳ бўлдик. Энг аҳамиятлиси, инновацион ёндашув билан «Ёшлар мурожаати портали» ташкил этилиши ҳақида айтилди. Албатта, бу кўпгина муаммоларга ечим сифатида кўзга ташланади.
Шу билан бирга, президентимиз кўп фарзанди шартнома асосида таҳсил оладиган оилалар учун таълим кредитлари ажратилиши ҳақида айтдилар. Аҳамиятлиси, бу кредит университет ёки институтда ўқиш давомида қайтарилмайди. Талаба пулни ўқишни битирганидан сўнг ишлаб тўлаши мумкин бўларкан. Бу эса таълим олиш истагидаги кўплаб ёшлар учун катта имконият, деб бемалол айтишимиз мумкин.
Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Жўрабек Сулаймонов:
– Ўзбекистон ёшлари форуми тарихда биринчи марта бўлмоқда. Президентимиз ўзларининг нутқларида кичик ютуғимизни эслатиб ўтганлари, ота-онамизга ташаккур билдирганлари биз учун катта совға бўлди. Олдинга интилиш учун бизга тилаклар тилаганлари жуда хурсанд қилди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Дилшода Ҳакимова:
– Мулоқот давомида видеоалоқа орқали чекка ҳудудлардаги ёшлар ҳам ўз фикрларини бемалол билдириш имкониятига эга бўлди. Демак, бизга юртбошимиз ишоняптилар. Тадбир давомида ҳар бир ёшнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада ортди. Мулоқотдан кейин барчамиз ўз олдимизга бир мақсад қўйдик - берилган имкониятлардан унумли фойдалансак, албатта ватанимиз номини дунёга тараннум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотаси икки баробарга оширилишини маълум қилди.
«Ишончим комилки, бундай имконият ва имтиёзларга аввало янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкорлари сазовор бўлади», – дея таъкидлаб ўтди президент.
Мавзуга оид
15:32 / 22.11.2024
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024