Ўзбекистон | 15:20 / 29.12.2020
19947
3 дақиқада ўқилади

Президент вазирлар ўринбосарлари ва ўрта бўғим раҳбарларини танқид қилди

Президент кўпгина вазирлик идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашгани мамлакатнинг энг катта камчилиги ҳисобланишини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида ислоҳотлар халқнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутилган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқлиги, шу мақсадда келгуси йилда бир қатор вазифаларни амалга ошириш лозимлигини айтиб ўтди.

«Яна бир бор айтаман, мана вазирлар ўтирибди, вазирнинг ўринбосарлари эшитяпти. Кўпгина вазирлик идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ белгиланмаганлиги сабабли уларнинг фаолиятларида бир-бирларини такрорлаш ҳолатлари мавжуд.

Сабаби, вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарларида масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш ва ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас.

Энг катта ғов бизда мана шу ўрта бўғим, бу бўғимдаги раҳбарлар масаласини ҳал қилишимиз керак. Вазир ўринбосарлари ўзларининг ўрта бўғимдаги одамларини ўқитиши керак, вазир ҳар ойда бир марта у ердаги ходимларини IT-технология, тиллар каби замонавий билимларга қодир ёки йўқлигини билиши шарт.

Улар нима учун масъулиятни ўзига олмайди? Ё билими йўқ ё қатъияти етишмайди ёки коррупцияга берилган.

Бу тўппа-тўғри, ўрта бўғим раҳбарлари бизнинг ҳозирги ислоҳотларимизга мос бўлмаган, нотўғри иш ташкил қиляпти. Буни ҳамма вазирлар ёзиб олсин… келгуси йил уларни ҳеч ким кечирмайди.

Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда. Ҳокимлар ва вазирлар ҳам қоғоз билан мажлисни қанча қисқартирса, шунча натижа кўп бўлади. Кераксиз мажлис кўп. 2 соат мажлис билан ҳам давлатнинг пули ва вақти кетади»,- дейди президент.

Яна бир жиддий камчилик сифатида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини оптималлаштириш чоралари кўрилмаётгани айтиб ўтилди.

Шунинг учун, ҳукумат икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаши бўйича топшириқ берилди. Бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутиш зарур ҳисобланади.

Келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60тага кўпайтириб, уларни 300тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид