Фан-техника | 22:04 / 06.01.2021
6593
1 дақиқада ўқилади

Apple айфоннинг букланувчи версияси устида иш олиб бораётгани маълум қилинди

Манбаларга кўра, Apple компанияси турли дизайндаги букланувчи iPhone’лар ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. 

Фото: Reuters

Gizmochina.com нашрининг хабар беришича, букланувчи айфонлардан бири дизайни бўйича ўртасидан букланувчи Samsung Galaxy Z Flip ёки Motorola Razr моделларига ўхшаш. Бошқа бири эса иккита экрани шарнир билан бириккан, китоб каби ёпилувчи Microsoft Surface Duo’га ўхшаш ишланган. Моделлардан бири горизонтал бўйича, иккинчиси эса вертикал бўйича букланади. 

Манбаларнинг таъкидлашича, иккита модел ҳам Хитойдаги Foxconn заводида ишлаб чиқилган ва мустаҳкамликка синовлардан ўтказилган. Ҳозирча ушбу моделлар тўлиқ ишчи ҳолатда бўлмай, фақатгина уларнинг корпуси ва дисплейи синовдан ўтказилган.

Нуфузли инсайдер Жон Проссернинг таъкидлашича, букланувчи айфоннинг корпуси четлари iPhone 11 каби зангламас пўлатдан бўлади.

Ҳозирча АҚШ компанияси иккала моделни ҳам чиқариши ёки ягона якуний маҳсулот учун турли ғояларни синаётгани номаълум. Таъкидланишича, букланувчи айфонлар 2022 йилдан олдин пайдо бўлмайди. 

Мавзуга оид