22:26 / 06.01.2021
13320

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизимида 7 миллиард сўмлик молиявий қонунбузилишлар аниқланди

Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида жами 7 млрд сўмлик талон-торожлик ва суиистеъмолчиликлар аниқланди. Қатор масъулларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилоятида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижаларини маълум қилди.

Давлат молиявий назорати департаменти ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида 7 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаган.

Маълум бўлишича, вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасалари 9,256 млрд сўмлик дори воситаларига муқобил таклифлар бўлса-да, 14,902 млрд сўмга, яъни 5,643 млрд сўм қиммат нархларда давлат харидларини амалга оширган.

Шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда 4,999 млрд сўмлик қийматдаги тендер ва 186,1 млн сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар қонун талабларига зид равишда ташкил қилинган.

Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида жами 1 млрд 384 млн сўмлик талон-торожлик, молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Мисол учун, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали томонидан тез тиббий ёрдам бригадаларига жалб қилинмаган ҳамда ишлаётган штат бирлигига нисбатан ортиқча 48 нафар ходимга 124,5 млн сўм рағбатлантириш учун маблағлар ортиқча тўлаб юборилган.

«Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган талон-торожлик ва суиистеъмолликлар миқдори жами 7 млрд сўмни ташкил этди»,– дейилади Аксилкоррупция агентлиги хабарида.

Агентлик ўрганиш якунлари бўйича ҳужжатларни Бош прокуратурага юборган.

Бу ҳужжатлар асосида Самарқанд вилоят прокуратураси вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари ва вилоят санитария эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатган.

Top