08:29 / 07.01.2021
6796

Ихтисослаштирилган мактабларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби маълум бўлди

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Халқ таълими вазирлигининг “Ихтисослаштирилган мактабларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом”ни тасдиқлаш ҳақида қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, таълим муассасаларига ўқитувчиларни қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Танловни ташкил этиш ва уни ўтказиш мақсадида таълим муассасаси директорининг буйруғи билан танлов комиссияси тузилади. Танлов комиссияси таркиби 5 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, унинг таркибига мазкур таълим муассасаси директори, ўринбосарлари, кадрлар бўйича менежери, ўқитувчилар ва тегишлилиги бўйича таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи вакиллари киритилади.

Танлов бўш (вакант) бўлган ўқитувчи лавозимларига эълон қилинади. Ҳомиладор аёллар, шунингдек, уч ёшгача болалари бўлган аёллар эгаллаб турган лавозимларга танлов эълон қилинмайди.

Таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига соатбай ҳақ тўлаш шартларида ишга кираётган шахслар танловсиз лавозим мажбуриятлари талабларига асосланиб, белгиланган тартибда қабул қилинади.
 
Таълим муассасаси томонидан танлов бўш вакант лавозим мавжуд бўлган кундан бошлаб 15 кун ичида танлов ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек таълим муассасаси ва таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқарув органи расмий веб-сайтида (агар мавжуд бўлса) эълон қилинади. Эълонда бўш вакант лавозимларига иштирокчилар учун керакли ҳужжатлар рўйхати ва малака талаблари кўрсатилади.

Танловда иштирок этиш учун ҳужжатларни қабул қилиш эълон берилган кундан бошланади ва 30 кун давом этади. Танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугаганда иштирокчиларнинг сони 1 нафардан ошмаса, танлов ўтказилмайди ва танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қайтадан берилади. 

Танловда қатнашиш учун иштирокчилар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • танловда иштирок этиш учун тўлдирилган ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
  • меҳнат дафтарчасининг нусхаси.

Иштирокчилардан мазкур низом ва қонунчиликда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Таълим муассасасида ўқитувчилар танловини ўтказиш бўйича саволлар мажмуи (тест саволлари ва суҳбат саволлари) ва баҳолаш мезонлари ҳар бир ўқитувчи мутахассислиги бўйича алоҳида Халқ таълими вазирлиги ва Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Танлов қуйидаги уч босқичда ўтказилади:

  • саралаш босқичи;
  • тест синови;
  • суҳбат.
Top