17:06 / 07.01.2021
30751

Наманганда спиртли ичимликдан заҳарланган фуқароларнинг яна 4 нафари вафот этди

Тўрақўрғон туманида 13 киши спиртли ичимликдан заҳарланди. Уларнинг 6 нафари вафот этди, яна бир киши реанимацияда қолмоқда.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида «Градусник» номли спиртли ичимликдан заҳарланиб, вафот этганлар сони 6 нафарга етди. Бу ҳақда Kun.uz'га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

5 январь куни берилган дастлабки хабарда жами 12 киши заҳарланиб, улардан икки нафари ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Сўнгги маълумотларга кўра, яна 4 киши вафот этган, жами 13 киши заҳарланган.

Жабрланувчиларнинг 6 нафарига шифохонадан уйига жавоб берилган. Яна бир киши реанимация бўлимида қолмоқда.

Ҳолат юзасидан икки шахс терговга жалб этилган: сотувчи А.С. (эркак) қамоққа олинган, етказиб берувчи Н.А. (аёл)га нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноят иши ЖКнинг 186-моддаси билан қўзғатилган бўлиб, бу модда «хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш»ни назарда тутади.

Жабрланувчилар 29–31 декабр кунлари, Қирғизистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган «Градусник» номли спиртли ичимлик истеъмол қилган.

Top