22:01 / 08.01.2021
28495

Алишер Усмоновга тегишли компания Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини 2021 йилда якунлайди

Россиянинг «USM Holdings Limited» компанияси Тошкентдаги Ислом маданият маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 119 миллион долларга тенг. Бу ҳақда 2021-2023- йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди

Дастурга кўра, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилиши режалаштирилган лойиҳани Россиянинг «USM Noldings Limited »компанияси молиялаштирмоқда. Қурилиш ишлари 2019-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланганди.

2017 йили президент Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиш лойиҳаси билан танишганди. Давлат раҳбари марказ қурилишига Алишер Усмонов кўмак бераётганини ташриф давомида маълум қилганди.

2019 йил 5 декабр куни янги қурилаётган марказ ҳудудида 150 кв.м. майдонида теплоизоляция (пенопласт) маҳсулотлари ёнгани ҳақида хабар берилган. Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, ёнғиндан янги қурилаётган бинога зарар етказилмаган.

Маълумот учун, 2017 йилда Ислом цивилизацияси маркази директори лавозимига 2015 йилдан Тошкент француз альянси раиси сифатида ишлаб келган Шоазим Миноваров тайинланганди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган тадбиркор Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилган.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирларини қўллаб қувватлаш учун 20 миллион доллар ва тез тиббий ёрдам хизматида ишлаётган ходимларга тўланадиган бир марталик моддий ёрдам учун 10 миллион доллар ажратганди.

Top