Ўзбекистон | 20:15 / 12.01.2021
41815
12 дақиқада ўқилади

Экспортдаги яширин муаммолар ёхуд швейцариялик импортёрни қандай алдашгани ҳақида

Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзларидан фойдаланиш кун тартибида турган, Россия Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тақиқлар жорий этаётган бир вақтда, мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ошириш ва бундай маҳсулотлар экспортида «бир кунлик» фирмалар фаолиятига йўл қўймаслик катта аҳамиятга эга.

Kun.uz почтасига Швейцариядан мурожаат келиб тушди. Унда Ўзбекистон далаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европага импорт қилишни режалаштирган, Швейцарияда илк марта Ўзбек савдо уйини очмоқчи бўлган тадбиркор аёлнинг бошидан кечирганлари баён қилинган эди.

Гавҳар Вайбел Ўзбекистонда етиштирилган анор ва қовунга буюртма берган, алалоқибатда 10 тоннадан ортиқ чиқиндига чиқариладиган маҳсулотлар қабул қилиб олган. Kun.uz мухбири тадбиркор билан боғланди.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларни кузатиб, 2020 йилда ўз компаниямга асос солдим. Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссамни қўшиш истагида ўзбек тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилгандим», – дейди Гавҳар Вайбел.

Унинг айтишича, улкан режалар билан тадбиркорлик фаолиятини бошлагач, Ўзбекистоннинг Франкфурт шаҳридаги бош консуллиги ходими Нуриддин Мамажоновга боғланиб, барча режалари билан ўртоқлашган ҳамда Ўзбекистондан қуруқ ва ҳўл мева ҳамда полиз маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ишончли фирма топишда ёрдам беришни сўраган.

Консуллик тавсия этган корхоналардан бири – Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган «SPACE» МЧЖ вакили Абдулазиз Раҳмонов музокаралар чоғида ўзини ишончли ва интизомли тадбиркордек тутган.

«У биз хоҳлаган барча маҳсулотлар, берган буюртмаларимизни ўз вақтида юбориб туришга ваъда берди. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, шу вақтга қадар Швейцарияга Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти йўлга қўйилмаган эди. Уни илк бор мен йўлга қўймоқчи эдим. Лойиҳам маҳаллий идораларда ҳам қизиқиш уйғотганди. Мен рухсат олиш учун уларга мурожаат қилганимда, мени олқишлаб, биз Ўзбекистоннинг қандай мамлакат эканини кўп ҳам билмаймиз, лекин сиз ундан импорт қилмоқчисиз, биз сизга рухсат берамиз, дейишганди», – дейди Swiss Controls Weibel фирмаси раҳбари Гавҳар Вайбел.

Тадбиркорнинг айтишича, у Швейцарияда Uzbekistan деб номланган савдо кўргазма уйини ташкил этишни режалаштирган ва унда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ҳунармандчиликдан тортиб бошқа кўплаб турдаги маҳсулотлар импорти билан шуғулланишни истаган. Бу ниятини амалга ошириш мақсадида янги қурилган бинодан 200 кв.м майдонни ижарага олган.

«Бундан экспортчи Раҳмонов ҳам, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раҳбари жаноб Умаровнинг ҳам хабари бор эди. Биз бошланишига ўзбек қовунлари ва анорларини келтиришга қарор қилдик. Чунки Швейцарияда ҳеч ким Ўзбекистоннинг тилни ёрар қовунларини татиб кўрмаган.

Мен дастлабки юборишда 5 навдаги қовунлардан 2 тоннадан, жами 10 тонна ҳамда йирик, ширин анорлардан юборишни илтимос қилдим ва бир неча марта Швейцария сифат талабларини эслатдим. Ҳамкорим Европа талабларидан хабари борлигини, Европа бу Россия ёки Қозоғистон ёхуд Хитой эмаслигини айтиб, мени ишонтирди ва маҳсулотларининг суратларини кўрсатди. Шу билан бирга, олдиндан 100 фоиз тўланиши кераклигини билдирди», – дея ҳикоя қилади Гавҳар Вайбел.

Синов учун юборилган маҳсулотлардан кўнгли тўлгач, барчаси ажойиб бўлишига ишонган тадбиркор аёл, гарчи «CPT Incoterms 2010» талаблари доирасида 2020 йил 16 сентябрда имзоланган шартнома суммасининг 56 фоизи олдиндан тўланиши назарда тутилган бўлса-да, тўловларни 21 сентябрда 100 фоиз амалга оширган, пул 24 сентябрда экспортчи ҳисобига келиб тушган.

Шартномага мувофиқ, экспортчи маҳсулотларни 10 кун ичида юбориши лозим бўлгани ҳолда, 1 ойдан ортиқ вақт ўтгач юборилган. Бундан ташқари, намуна учун юборилган қовун навлари эмас, аксинча бошқа навдаги қовунлар жўнатилган, анорлар қадоқланиши ҳам талаб даражасида бўлмаган.

«У 3–4 кунда маҳсулотларни юборишини, 1 ҳафта ичида менга етиб келишини айтди. Лойиҳани муваффақиятли бошлаб олсак, ҳар ҳафта камида 100 тонна маҳсулот харид қилишни, йил охирига бориб маҳсулотлар айланмасини 5 млн долларга чиқаришни режалаштиргандик. Абдулазиз Раҳмонов бундан хабардор эди. Биз пулни юз фоиз тўладик, сентябрь ойи ҳам тугади, бироқ юкдан дарак йўқ эди.

Ҳамкоримиз Раҳмонов ёмғир ёғаётгани, ёмғирлар тўхташи ва маҳсулотлар қуриши билан барчасини юборишини айтди. 12 октябрда мен яна алоқага чиқиб, Европада қовун мавсуми поёнига етганини айтдим. У 15 октябрда бизга маҳсулотларнинг ҳужжатларини юборди. Яъни буюртмамиз бир ойдан кейин Ўзбекистон чегарасини тарк этмоқда. «SPACE» МЧЖ маҳсулотни етказиб бериш муддатини бузгани аниқ эди, шунга қарамай, биз маҳсулотнинг етиб келиши ва уни қабул қилиб олиб, вақтида сотишни ўйлай бошладик», – дейди импортёр.

Маҳсулотни юклаб олган машина Люксембургга кириб, сўнгра Швейцарияга боришидан тадбиркор 20 октябрда хабар топган. 28 октябрда маҳсулот Швейцария чегарасига етиб келган.

«28 октябрь куни, салкам ой охирида бизнинг узоқ кутилган юкларимиз етиб келди. Биз машинани очиб, қўрқинчли филмлардаги ҳолатга дуч келдик, дейиш мумкин. Душманимга ҳам буни раво кўра олмас эдим. Қовунларнинг навлари шартномада кўрсатилганидек эмас эди. Бизга кўрсатилган қовун расмлари билан бизга етиб келганлар фарқли эди. Барчаси моғорлаган, ириган-чириган эди.

Биз дарҳол экспортчига алоқага чиқдик ва бундай маҳсулотни қабул қила олмаслигимизни, қайтариб юборишимизни айтдик. Чунки у шартномага умуман номувофиқ эди.

Навлари бошқа, бизга энг ширин қовун навларининг ҳар биридан 2 тоннадан 5 хил қовун юборилиши керак эди. Етказиб бериш муддатига амал қилинмади. Бизга 8 тонна биз билмаган, қандайдир қишки қовун юборган. У бизга қовунларни 2–3 ой сақласангиз етилади, деган гапни айтди.

Биз қовун билан бўлиб, анорни кечроқ очиб кўрдик. Улар баландлиги 7,5 см келадиган ёғоч қутиларга жойланган эди. Плёнка пакетчаларга ўралган анорлар ўлчами эса турлича бўлиб, 5 см.дан 12 см.гача келарди ва аксари эзилиб, ўз сокига биқиб ётарди.

Биз унга бундай маҳсулотни қабул қила олмаслигимизни айтдик, расмларни юбордик. У олиб қолишимизни илтимос қилиб, барча етказилган моддий зарарларни қоплаб беришини айтиб ишонтирди ва кафолат хати ҳам ёзиб берди. Акс ҳолда у Ўзбекистон божхонаси ва транспорт компанияси билан муаммоларга дуч келиши мумкин эди. Шундан сўнг, биз унга яна бир марта ишониб, маҳсулотларни тушириб олдик, бироқ транспорт компаниясига маҳсулотларни утилизация қилиш учун тушириб қолдирганимизни қайд қилганмиз», – дейди швейцариялик тадбиркор.

Унинг айтишича, иш битгач, «SPACE» МЧЖ вакили Абдулазиз Раҳмонов (фирма ўғли Тўйчибоев А.А. номига очилган) бир тийин тўламаслигини SMS орқали билдириб, истаса судга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирган. Шундан буён ўзаро тортишув давом этиб келмоқда.

Swiss Controls Weibel утилизация учун 2200 доллар, божхона тўловларига 1111 доллар тўлаган.

Гавҳар Вайбелнинг сўзларига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги унинг 2020 йил 30 октябрда йўллаган хатига 2 ой ўтиб, 2020 йил 29 декабрда жавоб берган.

Бундан ташқари, «SPACE» МЧЖ билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 3 760 доллар миқдорида шартнома имзолаган Люксембургдаги яна бир бир фирма (номи таҳририятга маълум, тадбиркор илтимосига биноан эълон қилинмаяпти) адвокати Сардор Исмоилов билан ҳам учрашдик.

Хорижий фирманинг Ўзбекистондаги адвокати ҳам юқоридаги муаммоларни тасдиқлар экан, Люксембургдаги тадбиркорлик субъекти яроқсиз қовун ва анорлар утилизацияси учун 5 минг долларга яқин маблағ сарфланганини билдирди.

Kun.uz мухбири ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Франкфурт шаҳридаги бош консули Нуриддин Мамажонов, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги бош консуллиги ходими Улуғбек Аъзамов, «SPACE» МЧЖ ва Top Cherry фирмалари вакили Абдулазиз Раҳмонов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Шаҳзод Қурбонов, Люксембургдаги ўзбек тадбиркори Д.У. ҳамда Фарғона вилояти ИИБнинг шикоятчи аризаси билан шуғулланган ходимлари билан ҳам боғланди.

Консулликлар вакилларидан хорижлик импортёрларга ўзбекистонлик экспортчилар рўйхати қандай қилиб берилиши хусусида сўрадик. Маълум бўлишича, ўзбек экспортчилари рўйхати Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилади. Ташқи ишлар вазирлигига рўйхатни вилоятлар ҳокимликларида шакллантирилган рўйхат асосида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тақдим этади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг мазкур муаммони музокаралар йўли билан ҳал этишда ёрдам бериш мақсадида онлайн мулоқот ҳам ташкил этган бошқарма бошлиғи Шаҳзод Қурбонов Kun.uz мухбири саволларини жавобсиз қолдирди. Унга телефон орқали боғланишларимиз самара бермади.

Абдулазиз Раҳмонов эса, Европага ҳам экспорт қилиб келганмисиз, деган саволимизга Германия ва Нидерландияга экспорт қилганини айтаркан, ҳужжатлардан нусха бера олмаслигини, чунки фирма сири эканини таъкидлади. Бундан ташқари, у барчасига суд ойдинлик киритишини айтиб, бир неча бор зарарларни қоплаб бериш ҳақида берган кафолат хатларига аниқ изоҳ бермади.

Шу ўринда икки томон ҳам кўп урғу бераётган шартномага эътибор қаратсак. Икки тадбиркор ўртасидаги экспорт шартномаси «CPT Incoterms 2010» шартлари асосида тузилган.

CPT қисқартмаси – инглизча Carriage Paid To сўзларини англатиб, халқаро савдо иборасидир. Бунда сотувчи (бизнинг ҳолатда «SPACE» МЧЖ) маҳсулотларни ташувчига ёки белгиланган шахсга (бизнинг ҳолатда, транспорт компанияси ҳамда икки тадбиркорга) ўз ҳисобидан етказиб беради. Сотувчи маҳсулотларга етиши мумкин бўлган зарарлар ёки йўқотишлар билан боғлиқ барча эҳтимолларни инобатга олади ва масъул бўлади.

CPT меъёрларида бир жиҳат алоҳида қайд этилганки, маҳсулотларга етказилган зарар ёки йўқотишлар эҳтимолига оид масъулият, маҳсулот белгиланган томонга топширилиши биланоқ иккинчи томон зиммасига ўтади. Бунда сотувчида маҳсулотларни суғурталаш мажбурияти бўлмайди.

Швейцариялик тадбиркор эса, ўз навбатида, маҳсулотлар CIP шартлари (Carriage and Insurance Paid To – маҳсулотларни суғурта ва транспорт харажатлари қопланган ҳолда етказиб бериш) асосида етказиб берилиши кераклигини, шартномада белгиланган муддатларга амал қилинмаганини, келишилган навлар юборилмагани ва қадоқлаш қоидаларига риоя қилинмаганини даъво қилмоқда. Шунингдек, барча харажатлар, шу жумладан утилизация учун сарфланган маблағларни қоплашни талаб қилмоқда.

Албатта, булар икки хўжалик юритувчи субъект ўртасидаги муносабатлар бўлиши мумкин. Бироқ бугунги кунда Ўзбекистондан экспорт қилинаётган маҳсулотлар ишончлигини оширишда уларни жаҳон стандартларига мос ҳолда етказиб беришни, ҳамкорга зарар етказмаслик чораларини жиддий жорий қилишни талаб қилади.

Юқорида тилга олганимиз Европа Иттифоқи GSP+ дастури доирасида имтиёз олишга уринаётган эканмиз, бу янада муҳим аҳамият касб этади.

Хуллас, бугунги кунда мазкур иш иқтисодий судда кўриб чиқилмоқда. Суд қарор қабул қилганидан сўнг бу мавзуга яна қайтамиз.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид