08:55 / 15.01.2021
6682

“Ералаш” асосчиси Борис Грачевский коронавирусдан вафот этди

Фото: ТАСС

“Ералаш” болалар ҳажвий киножурналининг асосчиси ва бадиий раҳбари Борис Грачевский 72 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У аввалроқ коронавирус асоратлари билан шифохонага ётқизилганди. Грачевскийнинг ўлими ҳақида унинг рафиқаси Екатерина Белоцерковская маълум қилди. 

Грачевскийда коронавирус 21 декабрда аниқланган. У 6 кун уйда даволангандан кейин шифохонага ётқизилган ва у ерда жонлантириш бўлимига ўтказилган. 9 январда режиссёр ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмасига улангани ва сунъий комага туширилгани маълум қилинган. 

11 январда эса Грачевский ҳушига келиб, шифокорлар билан имо-ишора ёрдамида гаплашган. Бироқ кўп ўтмай унинг аҳволи яна ёмонлашиб, у такрор комага туширилган. 

Грачевский 1949 йилда Москвада туғилган. Бутуниттифоқ кинематография давлат институтини тамомлаган. М. Горкий номидаги болалар ва ўсмирлар филмлари марказий киностудиясида катта маъмур бўлиб ишлаган. 1974 йилда эса драматург Александр Хмелик билан бирга “Ералаш” киножурналига асос солган. 1974-1984 йиллар давомида у киножурналга раҳбарлик қилган, 1984 йилдан эса бадиий раҳбари сифатида фаолият юритган.

Марҳум ижодкор, шунингдек, бир нечта филмларга режиссёрлик қилган. 

Грачевский Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони ва бир нечта орденлар ҳамда давлат мукофотлари соҳиби бўлган.

Top