23:03 / 18.01.2021
12370

Комил Алламжонов АҚШда Telegram'га қарши судга даъво киритилганига муносабат билдирди

Бу ерда гап сўз эркинлиги ёки контент мазмуни ҳақида кетмаяпти; айрим IT-гигантлар шу йўл билан рақобатчисидан халос бўлишга интилмоқда, деб ҳисоблайди Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов.

Фото: Telegram / Комил Алламжонов

АҚШнинг «Хавфсиз интернет коалицияси» (Coalition for a Safer Web) нотижорат ташкилоти судга мурожаат қилиб, Apple компаниясига Telegram мессенжерини App Store'дан ўчириб ташлаш мажбуриятини юклашни сўради.

The Washington Post хабарига кўра, даъвогарлар Telegram'да миллатчилик, неонацизм ва антисемитизм (яҳудийларга адоват) руҳидаги контент тарқалаётганини, бу эса App Store қоидаларига зид эканини айтмоқда.

Шу ой бошида Капитолийда тартибсизлар келиб чиққач, Apple ва Google контент модерацияси талабга жавоб бермагани учун Parler ижтимоий тармоғини App Store ва Play Market'дан олиб ташлаган эди. «Coalition for a Safer Web» ушбу икки компаниядан Telegram'га нисбатан ҳам шундай чора кўришни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов АҚШдаги нотижорат ташкилотнинг мазкур талабига муносабат билдирди.

«Telegram – терроризм, экстремизм, антисемитизм, порнография ва бошқа ташвиқотларга қарши фаол кураш олиб борувчи, бу каби контентни зудлик билан ўчириб ташловчи энг йирик мессенжерлардан бири. Унинг ёрдами билан фавқулодда пандемия пайтида миллионлаб одамлар зарур маълумотларни тез олиш имкониятига эга бўлдилар», – деб ёзади Комил Алламжонов.

Унинг фикрича, 500 миллион фойдаланувчига эга Telegram'нинг App Store ва Google Play каби улкан маркетларда блокланиши кўпчиликни ташкил қилувчи ва бу платформага ишонч билдирган намунали фойдаланувчиларга нисбатан ноҳақлик бўлади.

«Натижада улар Дуровга таъсир кўрсатмайдилар, аксинча кўплаб тарафдорларини йўқотадилар.

Негатив контент исталган мессенжер ва ижтимоий тармоқ, жумладан, Facebook ва Twitter орқали ҳам тарқалиши мумкин. Келинг, унда уларни ҳам ёпамиз! Aммо масалани блоклаш ва ўчириш билан ҳал қилиб бўлмайди.

Биргина Facebook тармоғининг Ўзбекистонда блокланганини эслайлик. Бу нафақат ўйланган натижага олиб келмади, балки вазиятни янада чуқурлаштириб юборди. Чунки одамлар VPNдан фойдалана бошлашди ва айнан шу орқали экстремистик контентга ҳам бемалол йўл очилди.

Агар мессенжерлар бирма-бир танлаш йўли билан блокланса, қайсидир корпорациялар шунчаки рақобатчидан халос бўлишга интилаётгани аён бўлади. Бу уринишлар постлар мазмуни ёки сўз эркинлиги билан ҳеч қандай алоқа йўқ», – дея қайд этган у.

Агар бу суд иши давлат томонидан қўзғатилганида, дод-вой кўтарилар ва демократия бўғиляпти деган шиорлар илгари сурилар эди, дея таъкидлаган Комил Алламжонов буни «қандайдир хусусий корхоналар» амалга ошираётганига эътибор қаратади.

«Бундан эса IT-технологиялар соҳасидаги гигант-компаниялар сўз эркинлиги устидан монополияни қўлга киритгани ва ўз қоидаларини киритиш орқали миллионлаб фойдаланувчиларни очиқчасига ўзига ва ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилаётгани келиб чиқади», – деб ёзади Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда WhatsApp фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни Facebook'га беришга қарор қилгач, ғарбда Telegram фойдаланувчилари сезиларли ўса бошлади. Бунинг ортидан WhatsApp юқоридаги режасини амалга оширишни кечиктиришга мажбур бўлди.

«Одамлар ортиқ технологик монополлар қўлида ўйинчоқ бўлишни, маълумотлари тарқалиш хавфи билан яшашни истамайди», – деди Telegram асосчиси Павел Дуров WhatsApp'нинг ҳаракатларига жавобан.

Top