Ўзбекистон | 18:58 / 20.01.2021
30964
5 дақиқада ўқилади

Автомобиллар учун электрон суғурта полиси нима ва у қандай қулайликка эга?

2021 йил 1 мартдан бошлаб транспорт воситаларини мажбурий суғурталаш «Э-полис» орқали амалга оширилиши мумкин. Бу тизимда нимани ўзгартиради?

2020 йил 14 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон турдаги суғурта хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, «Э-полис» (электрон суғурта хизмати) – бу суғурта полисининг интернетдан сотиб олинган ва электрон шаклда муомалага чиқарилган кўриниши. «Э-полис»ни сотиб олиш учун интернетга уланган компютер, ноутбук, смартфон ёки бошқа қурилмага эга бўлишнинг ўзи кифоя ҳисобланади. Юридик жиҳатдан электрон ва қоғоз шаклидаги полис бир хил кучга эга.

«Э-полис»нинг афзалликлари ҳақида

1. Вақт ва маблағ иқтисод қилинади. Мазкур суғурта полисини сотиб олиш учун фақатгина интернетга уланишнинг ўзи кифоя, суғурта компаниясига бориш талаб этилмайди, шунингдек, онлайн тўлов қилиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, полиснинг харажатлари амалдаги суғурта турларига нисбатан бирмунча арзон бўлиши кутилмоқда.

2. Электрон ҳужжатни, яъни полисни йўқотиб қўйиш хавотирли эмас. Полис расмийлаштирилгандан сўнг, «Э-полис»ни суғурта қилдирувчи истаган пайтда ўзининг мобил қурилмасига қайтадан юклаб олиши ёки текшириши мумкин. Бунинг учун СМС-хабарнома юборилган рақам ёки электрон почта манзилини кўрсатишнинг ўзи етарли.

Маълумот учун: Қоғоз шаклидаги полис йўқотиб қўйилса, суғурта компанияси офисига бориш ва белгиланган 10 фоиз жарима тўлаш сўралади. Янги турдаги полисда бу шарт мавжуд эмас.

3. «Э-полис»ни расмийлаштиришда фирибгарлик қурбони бўлиш эҳтимоли минимал даражада бўлади (қоғоз шаклидаги полис сотиб олишда суғурта агенти томонидан алданиш эҳтимоли мавжуд).

4. Фақатгина бир нечта ёки деярли битта суғурта компаниясининг офиси мавжуд бўлган олис ҳудудлардаги фуқаролар учун энг афзал суғурта компаниясини танлаш ва айнан ўзи хоҳлаган компания билан суғурта агентлари иштирокисиз тўғридан тўғри шартнома тузиш имконияти яратилади.

5. Суғурта мукофоти тизимдаги суғурта ҳисоблагичи ёрдамида тақдим этилган маълумотнома асосида автоматик ҳисобланади.

Ўз навбатида Суғурта компаниялари ҳам ходимларнинг иш ҳақи ҳамда агентларнинг хизмат ҳақлари бўйича харажатларини сезиларли даражада пасайтиради.

«Э-полис»  қандай расмийлаштирилади?

Жараён жуда содда. Суғурталовчининг веб-сайтига ўтилади ва аризадаги маълумотлар (ПИНФЛ, паспорт маълумотлари), транспорт воситаларининг маълумотлари (давлат рақами, серияси ва рўйхатдан ўтиш рақами), бошқарувга рухсат берилган ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар (ПИНФЛ, паспорт маълумотлари) тўлдирилади.

Агар фуқаро чегирмага ва буни тасдиқловчи маълумотларга эга бўлса, тегишли белги қўйилади ва қолган маълумотлар интеграциялашган маълумотлар базаларидан автоматик равишда олинади. Суғурталовчи аризада кўрсатилган маълумотларни текширади. Барча маълумотлар тасдиқланган ва «Э-полис» учун тўлов амалга оширилган тақдирда, маълумотлар ягона ахборот тизимига юборилади, у ерда полиснинг ноёб рақами яратилади ва рўйхатдан ўтказилади.

Ушбу жараён тугагандан сўнг, суғурта қилдирувчига полис муваффақиятли расмийлаштирилганлиги тўғрисидаги ва унинг электрон нусхасига ҳавола кўрсатилган СМС-хабар келади.

 Қайси суғурта компаниялари «Э-полис» сотишга ҳақли?

«Э-полис»ни Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасига аъзо бўлган суғурта компаниялари сотиш ҳуқуқига эга. Суғурта компаниялар рўйхати билан Жамғарманинг расмий веб-сайтида (tkj.uz) ёки insuranceportal.uz манзилида рўйхатдан ўтказилган «Ўзбекистон ягона суғурта портали»да танишиш мумкин.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими транспорт воситалари мажбурий суғурта полисини қандай текширади?

«Э-полис»ни Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига тақдим этиш учун суғурта қилдирувчи уни қоғозга чиқариб олиши ёки электрон қурилмада (мобил телефон, планшет ва бошқалар) тақдим этиши шартлиги  белгиланган. Ўз навбатида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ихтиёрида суғурта полисининг ҳақиқийлигини текшириш учун электрон мосламалар мавжуд бўлиши кўзда тутилган.

«Э-полис»ни қандай суғурта турлари бўйича сотиб олиш мумкин бўлади?

Қабул қилинган қарорга асосан, транспорт воситаларини мажбурий суғурталаш бўйича «Э-полис»ни 2021 йил 1 мартдан сотиб олиш мумкин.

Маълумот учун, 2019 йил 2 августда «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланганди.

Қарорда суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни («Э-полис»), шу жумладан, интернет, мобил иловалар, инфокиосклар орқали расмийлаштириш механизмини жорий этиш, уларни қоғоз шаклидаги суғурта шартномаларига (полисларига) тенглаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилганди.

Мавзуга оид