09:47 / 21.01.2021
6428

Самарқанддан жами 150 нафар раҳбар саломатлигини тиклаш учун таътилга чиққани маълум қилинди

Самарқанд вилоятида ишлайдиган раҳбарлардан 150 нафари тиббий кўрикдан ўтиб даволанмоқда. Қолган 24 нафар раҳбар ўз таътилини 28 январдан бошлайди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Президент Администрацияси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ мамлакатимиздаги барча маҳаллий ҳокимлик ҳамда сектор раҳбарлари тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун 7 февралгача бўлган муддатда 2 босқичда қисқа муддатли таътилга чиқмоқда.

Хабарда қайд этилишича, мазкур жадвалга кўра, бугунги кунда биринчи босқичда самарқандлик раҳбарлардан 150 нафари тиббий кўрикдан ўтиб, даволанмоқда. Жумладан, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят прокурори Равшан Машарипов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов ва вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Аловитдин Инағомов Тошкент шаҳрида тиббий кўрикдан ўтиб, зарурий муолажа оляпти.

Вилоят ҳокимининг 3 нафар маслаҳатчиси (ёрдамчи), 48 нафар сектор раҳбарлари (туман/шаҳар прокурорлари, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари), 96 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари вилоят тиббиёт марказларида тиббий кўрикдан ўтиб, муолажа олмоқда. Муолажалар жорий йилнинг 27 январига қадар давом этиши белгиланган.

Хабарда таъкидланишича, 28 январдан 7 февралгача давом этадиган таътилнинг иккинчи босқичида Самарқанд вилоятидан 8 нафар вилоят ҳокимининг ўринбосари, 16 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари, жами 24 нафар раҳбар Тошкент шаҳрида тиббий кўрикдан ўтиб, даволаниши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ҳам 4–11 январ кунлари таътил олганди.

12 январ куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов соғлигини тиклаш мақсадида таътилга чиққани маълум бўлди. У айни пайтда ҳам Тошкент шаҳрида даволанмоқда.

17 январ куни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам профилактик тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун қисқа таътилга чиққани хабар қилинди.

Қонунчиликка мувофиқ, вилоят ҳокимлари ҳукуматнинг Тиббиёт бош бошқармасида рўйхатда туради. Уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида.

Top