Ўзбекистон | 19:41 / 22.01.2021
107612
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги янги заргарлик заводи кимга тегишли?

Янгитдан ташкил этилган «Gold Moon Tashkent» МЧЖ заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиши белгиланган. Ушбу корхона давлатга тегишли бўлган «Фонон» корхонаси негизида очилган.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Тошкент шаҳридаги собиқ «Фонон» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудида «Gold Moon Tashkent» МЧЖ ташкил этилди.

Янгиланган «Фонон»

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 15 январ куни ушбу корхонага ташриф буюрди. Лойиҳани амалга ошириш учун 20,8 миллион АҚШ долларлик маблағ жалб этилди. Италия ва Германиянинг заргарлик тармоғида етакчи ҳисобланган фирмаларидан махсус асбоб-ускуналар келтирилган.

Аввал «Фонон» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси 2-заводининг экспериментал-конструкторлик бўлими мудири лавозимида ишлаган, айни пайтда «Gold Moon Tashkent» МЧЖ директори ўринбосари Ҳикмат Маҳмудовнинг айтишича, турли хилдаги тайёр ва ярим тайёр заргарлик буюмларини тайёрлашга 200дан ортиқ моҳир уста-заргарлар жалб қилинган. Ишлаб чиқариш жараёнида италиялик дизайнер ва техник ходимлар ҳунарманд заргарларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, қимматбаҳо металлар ва тошлардан йилига 6 тонна тайёр заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Kun.uz мухбирига кўра, заводга хомашё мамлакатимиздаги йирик тоғ-кон саноати корхоналаридан биржа савдолари орқали сотиб олинади. Тайёр заргарлик буюмлари «Фонон» бренди остида улгуржи ва чакана савдо орқали бозорга чиқарилади.

Заводнинг эгаси – Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Очиқ маълумотлар базасида заводнинг ягона таъсисчи ва эгаси сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўрсатилган. Корхона устав фондида 444 миллион 518 минг 600 сўм мавжуд.

Янги заргарлик заводи собиқ «Фонон» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси базасида ташкил этилган бўлиб, у 1995 йили ҳукуматнинг тегишли қарори билан хусусийлаштирилиши назарда тутилганди.

1996 йили Вазирлар Маҳкамаси «Фонон» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонасининг фаолияти масалалари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Ҳужжатга кўра, «Фонон» мамлакатда заргарлик саноатида ягона илмий-техника сиёсатини таъминлаши, рақобатбардошли заргарлик буюмлари ва тошлар ишлаб чиқариш, олмосларга ишлов бериш, кристаллар етиштириши зарур эди.

Ҳукумат қарори билан, ўшанда Бурчмулладаги «Олмос» заводини, унинг «Сузана», «Бинокор» шуъба корхоналари билан бирга, 1997 йил 1 октябрдаги ҳолатига кўра «Фонон» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонасига балансдан балансга берилганди.

Мазкур корхона 2017 йили президент имзолаган ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорларига асосан давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат мулки объектларидан бири, деб топилди.

2018 йили қабул қилинган президент қарорига кўра, «Фонон» Давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси билан «Hwachon Plant» (Корея Республикаси) ва «Gemco Jewelry Co., Ltd» (Корея Республикаси) компаниялари консорциуми ўртасида «Stronghold Reserves Inc.» (АҚШ) компаниясининг ҳам иштирокида 2017 йил 23 ноябрда имзоланган битимга мувофиқ, Тошкент шаҳрида умумий қиймати 18,0 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқариладиган корхонани ташкил этиш бўйича «UzGold and Jewelry» МЧЖ қўшма корхонаси барпо этилиши керак эди. Аммо ушбу режанинг амалга оширилмаган чоғи, айни пайтда заргарлик заводи қўшма корхона эмас, қолаверса, у якка эгалик назоратида иш бошлади.

Заргарлик соҳасидаги солиқ сиёсати

Айни пайтда қимматбаҳо металлар ҳамда маҳаллий заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш қўшимча қиймат солиғи ва акциз солиғидан 2022 йил 1 июлга қадар озод этилган.

2017 йил 1 октябр кунидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қимматбаҳо металлардан заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади, яъни заргарлик буюмларини лицензиясиз ишлаб чиқариш ноқонуний ҳисобланади.

Мавзуга оид