18:45 / 23.01.2021
9061

Ўзбекистонга Саудия Aрабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегация келди

24 январ куни Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида янги иссиқлик электр станцияси қуриш ишлари бошланишига оид тадбир бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун Саудия Aрабистони подшоҳлиги делегацияси Ўзбекистонга келди.

Фото: Reuters

Саудия Aрабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегация Бухоро шаҳрига келди.

Бугун, 23 январ куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов саудиялик меҳмонлар билан учрашди.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, тадбирда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Ташриф дастури бўйича меҳмонлар 24 январ куни Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида янги иссиқлик электр станцияси қурилиш ишлари бошланишига бағишланган тадбирда иштирок этади.

2020 йил март ойида Саудия Aрабистонининг «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда Ширин шаҳрида 1 500 МВт қувватга эга электр станциясини қуриш бўйича 1 миллиард 200 миллион доллар миқдорида инвестиция шартномалари имзоланган эди.

Мазкур лойиҳа бўйича 2020 йил 10 август куни Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «The International Company for water and power projects» (Саудия Арабистони) (инвестор) ва «Acwa Power Sirdarya» МЧЖ (Лойиҳа компанияси) ўртасидаги Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш бўйича инвестиция битими тасдиқланган.

Ўтган йилнинг февралида Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов AСWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян бошчилигидаги Саудия Арабистони делегацияси билан музокаралар ўтказгани хабар қилинганди.

Лойиҳа доирасида самарадорлиги 60 фоиздан юқори H/J синфидаги энг замонавий буғ-газ қурилмалари қўлланилади.

Электр станцияси йилига 10 миллиард КВт соатдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, табиий газнинг йиллик тежаш даражаси 2  миллиард кубдан ошади.

Маълум қилинишича, «ACWA Power» компаниясининг тўғридан тўғри сармоялари ҳисобига Бухоро ва Навоий вилоятларида қиймати 1 миллиард долларга тенг, қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станцияларини бунёд этиш бўйича янги инвестиция битими имзоланиши кутилмоқда.

Top