Ўзбекистон | 22:52 / 29.01.2021
9085
2 дақиқада ўқилади

Президент Ислом цивилизацияси маркази қурилишини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Бугунги кунда бино тўлиқ қад кўтарган. Унинг марказида улкан шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилган.

Давлат раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашга оид лойиҳаларни кўрди. Марказнинг ички ва ташқи кўриниши, нақшлари юзасидан тавсиялар берилди.

Хоналарни кўплаб сайёҳлар, делегациялар келиши, халқаро конференциялар ўтказилишини инобатга олиб замонавий жиҳозлаш, экспозицияни турли ёшдаги инсонларга мос ҳолда тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда олимлар, зиёлилар, нуронийлар ва маҳалла раислари билан суҳбатлашди.

«Миллий ўзликни англаш деб кўп гапирамиз. Лекин шунга муносиб бўляпмизми, деган туйғу мени қийнайди. Ота-боболаримиз қийин шароитларда, меҳнат-машаққат билан қандай буюк ишларни амалга оширган.

Жадид боболаримизни ҳам бекорга қатағон қилишмаган. Чунки билишардики, илм, ғурур, давлатчилик бизнинг қонимизда бор. Бу ерда ҳамма буюк алломаларимизнинг овози эшитилиб туради», – дея давлат раҳбаридан иқтибос келтирилган расмий релизда.

Мавзуга оид