Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда сув инфратузилмасини нафақат техник объект, балки иқтисодий актив сифатида кўриш зарурлиги таъкидланди. Бугун дунёда дарё, канал, сув омборлари ва кўллар бўйида туризм, дам олиш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик ҳудудларини ташкил этиш катта иқтисодий йўналишга айланган. Бундай лойиҳалар кўчмас мулк ва ер участкалари қийматини ошириш, туман ва шаҳарлар иқтисодиётини жонлантириш, ички туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади.
Жаҳон тажрибасида сув инфратузилмаси атрофидаги туризм лойиҳаларига киритилган 1 доллар сармоянинг иқтисодий қайтими 3-10 доллар атрофида баҳоланади.
Шу боис, мутасаддилар ва ҳокимлар сув инфратузилмасини иқтисодий самара берадиган лойиҳаларга айлантириш устида тизимли ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун қатор янги имкониятлар яратилади. Жумладан, қирғоқлар ювилиши ва сув босишига сабаб бўлаётган қум-шағални қазиб олишга рухсат берилади. Сув ва сел-сув омборлари, канал, коллектор, табиий кўл ва гидротехника иншоотларини тупроқдан тозалаш ишларига тадбиркорлар тендерсиз жалб қилинади. Сув ва сел-сув омборларида сувдан бўшаган ерлар экин экиш учун аукцион орқали ижарага берилади.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда мазкур имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани кўрсатилди. Сув фондига тегишли участкаларда тадбиркорлик, туристик ва кўнгилочар объектлар қуриш имконияти бўлган 100 минг гектар ер майдони аниқланган. Ушбу ерларда 100 минг аҳолининг бандлигини таъминлаб, йилига 220 миллиард сўм қўшимча даромад манбаини яратиш мумкин.
Мутасаддиларга сув фонди ерларини ижарага бериш, мониторинг қилиш, шартномалар тузиш ва ҳисоботини онлайн юритиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш топширилди. Космик тадқиқотлар агентлигига дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларидан қазиб олинадиган қум-шағал ҳажмини аниқ ҳисоблаш ва тегишли идораларга тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда сел-тошқин сувларидан фойдаланиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Мамлакатда сел хавфи мавжуд 60 та йирик сой орқали йилига 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетмоқда. Ундан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш имконияти борлиги таъкидланди.
Шу боис, сел сувларини бошқаришда фақат тўғон қуриш билан чекланмасдан, интеграл ёндашувни ҳам жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Бунда сел хавфини камайтириш, сувни тўплаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, балиқчилик, туризм ва хизматлар соҳаси билан боғлиқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш назарда тутилади.
Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга сув инфратузилмасини иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, сел-тошқин хавфларини камайтириш, сув захираларидан самарали фойдаланиш ва мазкур йўналишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан қатор топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
18:06 / 14.06.2026
Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни туғилган куни билан табриклади
09:20 / 12.06.2026
Саратонга қарши курашнинг янги босқичи: миллий дастур жорий этилади
20:09 / 11.06.2026
Жиноят кодексига аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар боби киритилади
20:05 / 11.06.2026