Иқтисодиёт | 13:34 / 03.02.2021
28540
7 дақиқада ўқилади

«Makro» супермаркети «Самарқанд Дарвоза»дан чиқариб юбориладими?

«Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази маъмурияти «Makro» супермаркетини энергия таъминотидан узиб қўйгани айтилмоқда. Супермаркет тармоғи вакили Kun.uz’га ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Фото: Самарқанд дарвоза

«Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази маъмурияти – «SD Mall» МЧЖ ходимлари «Makro» супермаркети жойлашган савдо зали ва омборхонани энергия таъминотидан узиб қўйгани иддао қилинмоқда.

«Makro» («Darvoza savdo» МЧЖ) расмий вакилининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу ҳодисадан сўнг, энг биринчи навбатда компания обрўсига путур етган. Шунингдек, компания молиявий зарар кўрди.

«Юзага келган ҳолат, Ўзбекистон қонунчилигига биноан, ижара тўғрисидаги шартнома талабларини тўғридан тўғри бузади», – дея муносабат билдирмоқда «Makro» вакили.

Воқеалар нимадан бошланди?

2021 йили 7 январ куни «Majid Al Futtaim» ва «UzOman» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақида хабар тарқалди. Таъкидланишича, ушбу узоқ муддатли шериклик доирасида иккала компания ҳам ўз имкониятлари ва тажрибаларини бирлаштириб, мамлакатда замонавий чакана савдони ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатига катта ҳисса қўшишдир.

«Majid Al Futtaim» Тошкентда иккита янги «Carrefour» гипермаркетини ишга туширмоқда. Дўконларнинг очилиши жорий йилнинг март-апрел ойларига режалаштирилган. Гипермаркетлар «UzOman»га тегишли бўлган энг йирик «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» савдо-кўнгилочар марказларида жойлашади. Мамлакатда «Carrefour» компанияси фаолиятининг кенгайиши унинг 2020 йил декабр ойида биринчи супермаркети очилишидан бошланди ва бу бренднинг ўзбек жамиятига танланган ишончли ҳамкор бўлишини кафолатлайди», – дейилади хабарда.

Англашиладики, Ўзбекистондаги йирик савдо-кўнгилочар «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» марказлари маъмури – «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» МЧЖ ўз биноларида ижара ҳуқуқи асосида фаолият юритаётган «Makro» супермаркетлари билан тузилган шартномани бекор қилмай, ушбу нуқталарда «Majid Al Futtaim» компаниясига тегишли «Carrefour» супермаркетлари иш бошлашини маълум қилди.

«Жойни бўшатинг»

«Makro» вакилининг Kun.uz’га айтишича, «Самарқанд Дарвоза» маъмурияти шу йилнинг 6 январ куни («Majid Al Futtaim» ва «UzOman» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақдаги хабар тарқалишидан бир кун аввал) ижарага олинган майдонни қайтариб беришни сўраб, хат йўллаган.

«Makro» вакили қуйидаги сабабларга кўра, ушбу талаб қонуний эмас, деб ҳисоблайди.

«Ижара шартномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар амал қилган муддат ичида «SD Mall» МЧЖ («Самарқанд Дарвоза» маъмури – таҳр.) томонидан ижара шартнома шартлари бузилгани бўйича бирор шикоят келиб тушмаган. Шунингдек, ижара ҳақини ошириш орқали ижара шартномасини 10 йилга узайтириш бўйича «Darvoza savdo» МЧЖ («Makro» савдо белгиси эгаси – таҳр.) томонидан бир неча марта таклиф билдирилган. Бундан ташқари, «Самарқанд Дарвоза»да «Carrefour» очилиши ҳақидаги хабарни тарқатиш «Makro» ҳуқуқларини поймол этади», – дея фикр билдирди супермаркетлар тармоғи вакили.

Kun.uz’га маълум бўлишича, супермаркет тармоқлари вакилларида «SD Mall» билан муносабатларни судга қадар ҳал этиш имконияти бўлмади. Шу туфайли, «Darvoza Savdo» МЧЖ судга ариза киритишга мажбур бўлди.

«Иш суд тартибида ҳал этилгунча, бинодаги жой «Darvoza Savdo» МЧЖ ҳуқуқий фойдаланишида эканлигига қарамай, савдо зали ва омборхона энергия таъминотидан узиб қўйилди», – дейди «Darvoza Savdo» МЧЖ вакили.

Kun.uz «Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази маъмурияти билан боғланиб, ҳолатга аниқлик киритишга ҳаракат қилди. «SD Mall» ушбу масала юзасидан ҳозирча муносабат билдирмади.

Маълумот учун, «Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази 2013 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, марказ фаолиятининг илк кунлариданоқ унинг савдо залида «Makro» супермаркети иш бошлаган.

«Самарқанд дарвоза» кимга тегишли?

Ўзбекистондаги йирик кўнгилочар ва савдо марказларига сармоя киритган «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» ҳақида маълумотлар етарли эмас.

Аввал, «Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази The Tower Mall management group’га тегишли бўлган. 2019 йили ушбу марказ «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» МЧЖга сотилган. Унинг таъсисчилигида ташкил этилган «SD Mall» МЧЖ савдо марказини бошқаради.

«Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси»нинг «SD Mall» МЧЖ устав фондидаги улуши 82 фоизни ташкил этади. Жамиятнинг 18 фоизи Азизхўжа Аббосхўжаевга тегишли бўлиб, у мамлакатдаги йирик фармацевтик компаниялардан бири – «Grand Pharm Trade» МЧЖ таъсисчиси (устав фонддаги улуши 60 фоиз) сифатида таниш саналади.

«Самарқанд дарвоза»да катта улушга эга «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» Ўзбекистонда 2010 йили 17 февралда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, унинг таъсисчилари Ўмон султонлиги давлат бош захира жамғармаси (75 фоиз) ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (25 фоиз) ҳисобланади.

Ушбу компания Ўзбекистондаги «Polifleks» МЧЖ, «Prime Ceramics» ҚК МЧЖ, «Бектемир металл конструкциялари» МЧЖ, «Binket Group» МЧЖ, «Magic Fruit» МЧЖ, «Темирйўл-суғурта» МЧЖ, «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ, «Universal Logistics Services» ва «Real Estate Investment» компаниялари устав фондида маълум улушга эга.  

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти