17:50 / 07.02.2021
9659

Nukus City қурилишида 250 млн сўмга яқин бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

Нукус шаҳридаги «сити» қурилиши бўйича буюртмачи ва пудратчи корхоналар мансабдорлари устидан жиноят иши қўзғатилди. 246 миллион сўмлик қурилиш ишлари қоғозда бажарилган, амалда эса ўзлаштирилгани маълум бўлди.

Фото: ЎзА

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Nukus city қурилишида бир неча юз миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-тарож қилинганини аниқлади.

Хабар қилинишича, 2020 йил 18 сентябрда «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси ва «Granit Montaj Stroy» МЧЖ ўртасида қарийб 3,6 млрд сўмлик шартнома тузилган.

Унга асосан, «Granit Montaj Stroy» Нукус шаҳри А.Шамуратова кўчаси автомобиль йўлининг асфальт қопламасини қайта тиклаши ва Nukus city'даги кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқларини таъмирлаши белгиланган.

Аммо қиймати 236,5 млн сўмлик асфалть қопламаси ва қиймати 9,6 млн сўмлик сув тармоқларини таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаган ва ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритилган.

Шу йўл билан жами 246,1 млн сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинган.

Ҳолат бўйича «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси ва «Granit Montaj Stroy» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки терговни Нукус шаҳар прокуратураси олиб бормоқда.

  • Маълумот учун, Nukus city қурилиши ҳақида дастлаб 2018 йил майида маълум қилинган эди. 2019 йил февралида бу ҳақда Қорақалпоғистон ҳукуматининг қарори чиқди.
  • Мажмуа учун шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Дўстлик каналининг чап қирғоғидан 70 гектардан ортиқ ер танлаб олинган. Бу ҳудуддаги 400дан ортиқ хусусий уйлар босқичма-босқич бузилиши белгиланган. Ижтимоий аҳамиятга эга баъзи йирик объектлар – масжид, спорт коллежи, сув бассейни, футбол стадиони ва янги қурилган 4–5 қаватли уйлар бузилмайди.
  • «Nukus city» 16 қаватли уйлар, 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконларидан иборат бўлиши режа қилинган.
Top