20:37 / 08.02.2021
6460

«Бир йилдан кейин дарахтларга нисбатан «варварча» муносабат бўлмайди» — Бахтиёр Раҳмонов

Фаол жамоатчилик ва тегишли мутасаддилар дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши курашмоқда. Шу тахлит, Тошкентда яна тахминан бир йилдан сўнг бу муаммолар барҳам топади, деб ҳисобламоқда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов дарахтларга нисбатан ўзбошимча ёндашув билан қандай курашилаётгани ҳақида гапириб ўтди.

«Экология йўналишида ҳаракатларни қандай тўғри амалга ошириш кераклигини ҳозир ҳаммамиз ўрганмоқдамиз. Илгари истаган ҳар ким сўровсиз дарахт кесаверган бўлса, ҳозир бунақаси кетмайди. Ҳозир битта шохни кесиш учун ҳам туман экология инспекторлари томонидан далолатнома тузилади. Улар дарахтларга шакл бериш жараёнида ҳам иштирок этишади.

Туман ва шаҳар ободонлаштириш хизматларида фақатгина дарахтларга шакл бериш билан шуғулланувчи алоҳида бўлимлар бор. Шохларни буталаш, куртаклаш мавсумида парваришлаш кабиларни фақатгина мутахассислар амалга оширади», – деди Раҳмонов 8 февраль кунги матбуот анжуманида.

Ҳоким ўринбосари дарахтлар билан «варварча» ёндашув барҳам топиши учун яна бир йил кераклигини айтди.

Бахтиёр Раҳмонов

«Дарахтларни буталаш ишлари тахминан 40 фоиз ҳолатда ўша ҳудуд фуқаролари иштирокида амалга оширилади. Чунки дарахтнинг шохи ноқулай жойлашган, мисол учун, деразани очишга халал берадиган ҳолатда бўлиши мумкин.

Дарахтларни рухсатсиз кесиш ҳолатлари ҳам бўлган. Булар бўйича экология инспекторлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланмоқда. Ўйлайманки, яна бир йил бу мавзуда гапирсак, дарахтларга «варварча» ёндашув барҳам топади. Биз бу билан курашяпмиз», – деди Бахтиёр Раҳмонов.

Маълумот учун, президент фармони билан, республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий 2021 йил 31 декабргача узайтирилган.

Top