Ўзбекистон | 19:21 / 03.01.2024
33230
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда номаълум қурувчи дарахтзорни йўқ қилди. Ҳокимлик унинг кимлигини очиқлашни истамаяпти

Ўраб олинган ҳудуд яқингача дарахтзор бўлган. Мораторийга қарамай дарахткесарликлар тўхтамаётгани сабабли бошлиғи вақтинча ишдан четлаштирилиб, ваколатлари чекланган Тошкент шаҳар экология бошқармаси ушбу ҳолатга ҳам “ўта юмшоқлик” ва ноаниқлик билан муносабат билдирган. Маҳаллий ҳокимлик эса қурувчи кимлигини яширмоқда.

Юнусобод туманидаги Шаҳристон метро бекати ва Тошкент телеминораси ўртасидаги чорраҳа ёнгинасида жойлашган яшил ҳудуд номаълум қурувчи томонидан қурилиш қилиш мақсадида ўраб олинган. Фуқаролар мурожаатидан сўнг Kun.uz мухбири вазиятни жойига бориб ўрганди.

Маълум бўлишича, Шаҳристон маҳалласи ҳудудида жойлашган “UNG Petrol” АЁҚШ олдидаги яшил ҳудудда яқингача дарахт кўп бўлган. Бироқ ҳудуд ўраб олингач, дарахтлар бирин-кетин кесиб ташланган. Буни мурожаатчилар тақдим қилган суратларда ҳам кўриш мумкин.

Дарахт кесиш ой бошида бошланди. Икки четдаги дарахт қолди фақат, ўртадагилари кесиб ташланди. Бир неча кундан кейин эса ўраб олишди”, дейди ҳудудда яшовчи Мавжуда Турсунхўжаева.

Яна бир фуқаро Дилором Умарова эса қурувчи номаълум эканини таъкидлади:

Энг асосийси бу ердан метро туннели ўтган. Катта-катта машиналар ишлаяпти, тупроғи олиняпти. Бунинг устига, лойиҳа маълумотлари ёзиб қўйилмаган, қурилиш компанияси, қандай объект қурилаётгани, масъуллар ҳақида маълумотлар йўқ”.

Kun.uz ҳолат юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, ушбу яшил ҳудуд “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли эмас. Бироқ АЁҚШ ходимлари томонидан ҳудуд тозалиги ва у ердаги дарахтларга қараб келинган. Яқинда бир тадбиркор келиб, бу ер унга тегишли эканини, қурилиш қилмоқчилигини айтган ҳамда яшил ҳудудни ўраб олган.

Юнусобод туман ҳокимлиги эса ҳудуд кимга қарашлилиги, унда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар экология бошқармаси расмий муносабат билдирган. Унга кўра, ҳудуддаги уч туп арча дарахти фуқаро томонидан бошқа жойга ноқунуний кўчириб ўтқазилган ҳамда уч туп мевали дарахт ўзбошимчалик билан йўқ қилиб юборилган. Фуқарога нисбатан баённома расмийлаштирилиб, жарима белгиланган. Шунингдек, унга ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун уч йил парваришлаш шарти билан 100 тупдан кўчат экиш мажбурияти юклатилган.

Аммо пойтахтда мораторийга қарамай дарахткесарликлар тўхтамаётгани сабабли бошлиғи вақтинча ишдан четлаштирилиб, ваколатлари чекланган бошқарманинг ушбу расмий муносабати бироз баҳсли. Сабаби, олдинроқ олинган суратларда бу ерда анча кўп дарахт бўлганини кўриш мумкин.

Бахтиёр Тўхтаев,
Kun.uz

Мавзуга оид