22:14 / 09.02.2021
11106

Авиапарвозларга рухсат олишни соддалаштириш, лоукостерларни жалб этиш кўзда тутилган — президент фармони

Ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга оид президент фармони эълон қилинди. Фармонда транспорт-логистика масалаларини тезкор кўриб чиқиш бўйича Идоралараро комиссия тузилиши белгиланган.

Комиссияга қуйидаги ваколатлар берилади:

  • хорижий ва маҳаллий авиакомпанияларнинг туризм ва инвестиция йўналишларида авиапарвозларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган низоларни музокаралар ўтказиш йўли билан тезкорлик билан ҳал этиш;
  • авиапарвозларга рухсат олиш тизимини соддалаштириш, лоукостерларни жалб этиш, парвозлар географиясини “боғлаш” принципи орқали кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш;
  • “Очиқ осмон” режими жорий этилган барча аэропортларга янги авиа йўналишлар очиш бўйича хорижий компанияларни жалб этиш, уларнинг лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш;
  • аэропортларда қуруқликда хизмат кўрсатиш (ground handling) соҳасини такомиллаштириш, белгиланган нархларни қайта кўриб чиқиш ва мақбуллаштириш орқали инвестицияларни жалб қилиш;
  • ҳудудлараро йўналишли автотранспорт қатновларини кенгайтириш, янги қатновларни ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал қилиш чораларини кўриш;
  • темир йўл транспорти, шу жумладан темир йўл вагонлари ва контейнерлар орқали ташиш тизимига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш тартибини такомиллаштириш, бу йўналишдаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш.

Шунингдек, фармонга асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилиши ҳам белгилангани эълон қилинган.

2020 йилнинг 28 октябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат дастурининг 3-чоракда бажарилиши юзасидан ҳукумат ҳисоботида бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов мамлакатда туризмни тиклаш режаларига тўхталган ва Ўзбекистонга лоукостерларни жалб қилиш чоралари кўрилаётганини маълум қилганди.

5 октябрда бу борадаги режалари билан ўртоқлашган Uzbekistan Airways авиакомпанияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов «Uzbekistan Airways компаниясида лоукостерлар ташкил қилишни режалаштиргандик. Аммо буни бироз ортга суриб туришни маъқул топдик. Чунки айни вақтда компанияни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни режалаштиряпмиз», деганди.

Top