Иқтисодиёт | 22:14 / 16.02.2021
10932
3 дақиқада ўқилади

Полиэтилен ва чорва ем нархлари кескин ошганига изоҳ берилди

Сўнгги пайтда биржада пахта, полиэтилен ва чорва моллари учун ем нархлари кескин ошиши кузатилди. UZEX биржа мутахассиси мазкур ҳолатга изоҳ берди.

UZEX биржа бош маклери Мансур Тўйчиев товар-хомашё биржасидаги айрим маҳсулотлар, хусусан, пахта, полиэтилен, шрот ва шелуха нархлари ошаётгани бўйича изоҳ берди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, товар маҳсулотларининг нархида кузатилаётган ўсишга мавсумий омиллар таъсир қиляпти. 

«Нархлар ўсишини полиэтилен мисолида оладиган бўлсак, унинг айнан охирги савдоларида нархи кескин ошиб борди. Бунга сабаб импорт қилинаётган полиэтиленнинг нархи ошганида. Шу билан бирга, йилнинг бошида ушбу маҳсулотга 20 фоиз миқдорида акциз солиғи ўрнатилди. Бундан ташқари, мавсумийлик фактори ҳам бор, яъни товарга бўлган талаб айнан шу кунларда ортяпти», – деди у.

Шунингдек, полиэтилен нархларидаги асосий ўзгариш плёнка ишлаб чиқариш учун мўлжалланган маркаларда кузатилмоқда.

«Айнан плёнкага талаб ортгани ва қиш мавсуми экани ҳисобига айнан шу маркаларда ошиш кузатилди. Пахта толасига тўхталсак, унинг турлича навлари, алоҳида типлари мавжуд.

Қайсидир савдода талаб юқори, олий навлардаги маҳсулотлар сотилганда нарх котировкаси баландроқ бўлади, яъни котировка берилаётганида навга ҳам қараб инобатга олиниши лозим.

Пахта шрот ва шелухаси нархининг кўтарилиши ҳам ҳозир қиш мавсуми бўлгани ва бу пайтда чорва учун асосий ем шу экани сабабли нарх ошиши кузатилмоқда», – деди бош маклер.

2020 йил январь-ноябрь ойларида Республика товар-хомашё биржасининг электрон савдолари орқали 345 минг тоннадан зиёд пахта толаси сотилди, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 18 фоизга камдир.

Ўша пайтда пасайиш кўрсаткичи жаҳон бозорларида ҳам кузатилди. Хусусан, январь-март ойларида Нью-Йорк товар биржасида пахта толаси учун фьючерс шартномаларининг нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 1 минг 487 АҚШ долларидан 1 минг 127 АҚШ долларигача пасайди. Бу пастлаш 24 фоизни ташкил этди. Мазкур ҳолат дунёдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлди. Бироқ кейинги ойларда Хитой ва бир қатор бошқа мамлакатлар иқтисодида тикланиш жараёни бошлангани сабабли пахта бозорларида талаб даражаси кўтарила бошлади. Натижада, котировкалар апрель-ноябрь ойларида 1 минг 265 АҚШ долларидан 1 минг 597 АҚШ долларигача, яъни 26 фоизга ўсди.

2021 йил 11 февралда Ўзбекистонда ўтказилган савдо якунларида пахта бўйича котировкалар 26 фоизга ошди. Полиэтилен 20 фоизга, шрот 2,8 фоизга ошгани қайд этилди.

Шунга қарамай, 15 феврал ҳолатига пахта савдосидаги нархлар 18,3 фоизга пасайгани кузатилди. Полиэтилен 0,2 фоиз ўсди. Шрот 2,7 фоиз, шелуха 1,5 фоизга пастлади. 

Мавзуга оид